Индонезиялик мусулмонларнинг Умра сафари Ўзбекистондан бошланиши мумкин

Ҳар йили 200 минг индонезиялик мусулмонларнинг Умра сафарини Ўзбекистон орқали йўлга қўйиш муҳокама қилинмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 авг - Sputnik. Икки юз мингга яқин индонезиялик Ўзбекистон орқали Умрага бориши кутилмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг матбуот хизмати.

Зиннуров: туризм соҳасида Татаристон ва Ўзбекистон ажойиб муносабатларни йўлга қўйган

Макка шаҳрида Ўзбекистон “Ҳаж-2018” ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бошчилигида, Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ва Индонезиядаги “Бурҳонул Ҳидоя” ширкати раҳбарлари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳисобланган Самарқанд ва Бухоро орқали Умра зиёратига боришини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашувда таъкидланишича, ҳар йили 150-200 минг индонезиялик зиёратчи қадимий шаҳарларимиз – Самарқанд ва Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, сўнгра Умра сафарига шу ернинг ўзидан жўнаб кетишади.

Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистон туризм соҳасида улкан имкониятларга эга

Ушбу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида, ҳамкор ширкат раҳбари шайх Солиҳ Салим Баҳвиний яқинда Ўзбекистонга келади. Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга ошириладиган ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ҳаво йўллари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Малумот учун, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб индонезияликларнинг юртимиз орқали Умра сафарига жўнаб кетиши белгиланган.