Ўзбекистонда Ватан учун жон берган ҳарбийлар оилалари Хитойга саёҳатга юборилди

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари 10 кун давомида Хитойнинг диққатга сазовор жойларини айланадилар
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 авг - Sputnik. Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг оила аъзолари маданий саёҳат учун Хитойга кузатилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистон армияси

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари 10 кун давомида Хитой Халқ Республикасининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қиладилар.

"Ўғлим Шуҳратбек Собиров 2000 йили юртимизнинг жанубий ҳудудларига суқилиб кирган бир гуруҳ террорчилар билан бўлган тўқнашувда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Ўғлим 25 ёшида Ўзбекистон халқини ҳимоя қилиб, барчага ўрнак бўлди. Мен у билан умрбод фахрланаман. Ўзбекистон пПрезидентининг эътиборлари сабаб, бугун биз Хитой давлатига саёҳатга кетяпмиз. Бундай рағбатдан бошимиз кўкка етди...", – деди тадбир давомида Андижон вилоятидан келган  Сотқинбой Собиров.

Маросимда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Шавкат Мирзиёев аскарларнинг қандай китоб ўқигани билан қизиқди

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида мустақиллик йилларида Ватан тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатиб, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасини абадийлаштириш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.