ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Туркманистонда бўлиб ўтган Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси мажлиси ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Саммит 24 август куни Аваза шаҳрида бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича давлат раҳбарлари ОАВ олдида баёнот қилдилар.
Ўзбекистон презиженти Шавкат Мирзиёев ўз ечимини талаб этадиган кўплаб саволлар йиғилиб қолганини таъкидлаб ўтди.
"Гурбангули Мяликгулиевич (Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов. — таҳр.) Қирғизистон президентини ҳам таклиф этди. Бу Марказий Осиё давлатлари минтақа олдида турган муаммоларга янгича ёндашаётганлари намунасидир. Биз музокара ва ҳужжатлар имзолашдан амалий ишга ўтишга келишиб олдик", - дея баёнот қилди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ушбу саммит тарихий бўлганлигини қўшимча қилиб, тез орада унинг натижаларини кўриш мумкин бўлишини таъкидлади.
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат 2016 йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси кенгаши(МФСА)да ўз иштирокини музлатиб қўйганини эслатиб ўтди. Жээнбеков ушбу қарор ташкилотда ислоҳотлар ўтказиш вақти келганлиги билан изоҳлади.
"Афсуски, биз ушбу масалада ривожланишни кузатмаяпмиз. Аммо шу билан бирга Қирғизистон барча келишув ва битимларни бажариб келмоқда. Мен бугун жамғарма ва унинг органлари фаолияти юзасидан ўз позициямни айтиб эшиттирдим. Тор доирадаги учрашувда келишганимиз каби, МФСАни биргаликда ислоҳ қила олишимизга ишонаман", - деди Қирғизистон етакчиси.
Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ушбу саммит - экологик муаммолар билан шуғулланувчи дунё ҳамжамияти, БМТ, жамғармалар ва банкларга қилинган ўзига хос мурожаатлигини қайд этди.
"Биз жамғарма фаолиятини такомиллаштиришга келишиб олдик, 20 йил муқаддам қабул қилинган қарорлар ўз аҳамиятини йўқотганини очиқ тан олдик. Музокараларда ушбу муаммо ечимига илм-фан нуқтаи назаридан ёндашиш, олимлардан ёрдам олиш сингари яхши таклифлар билдирилди", — деб таъкидлади Назарбоев.