Наманганда тадбиркордан 300 доллар пора олган солиқ раҳбари қўлга олинди

Намангандаги Давлат солиқ идораси раҳбари савдо дўконини "солиқчилар ҳужумидан" қўриқлаш эвазига тадбиркордан 300 доллар пора сўраган. Порани ўз ишхонасида олаётган вақтда қўлга олинган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 авг - Sputnik. Наманганда хусусий тадбиркордан 300 доллар пора олган солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси.

120 минг доллар талаб қилган солиқчи 10 йилга қамалди

Хабарда айтилишича, жорий йил 4 июль куни Наманган вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимига тадбиркор Х.Хдан мурожаат келиб тушган. Аризачининг маълум қилишича, 3 июль куни савдо дўконига туман Давлат солиқ идораси раҳбар ходимлари - Ғ.Б. ва Т.Н.лар келиб, дўкон солиқ ходимлари текширувидан "холи" бўлиши эвазига 300 АҚШ доллари беришини талаб қилишган.

Тадбиркор мурожаатидан сўнг Наманган вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Наманган вилояти прокуратураси ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилади.

"Солиқда ўйинлар кўп бўлган": Мирзиёев Ботир Парпиев нега ишдан олинганига изоҳ берди

Тадбир давомида Чуст тумани Давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи Т.Н. туман ДСИ биносида фуқаро Х.Х.дан 300 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Т.Н. қамоққа олинган.

Шунингдек, унинг жиноий шерикларига нисбатан ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.