МАКнинг Домодедовода ушланиб қолган самолёти 23:15 да учади

Ўзбекистон Ҳаво йўлларнинг Домодедово аэропортида техник носозлик туфайли 18 соатдан бери ушланиб қолган самолёти бугун соат 23:15 учади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 авг – Sputnik. Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Домодедово аэропортида техник носозлик туфайли ушланиб қолган самолёти бугун 23:15 да учади, деб хабар қилди аэропорт маъмурияти Sputnik мухбирига.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг HY-602 сонли рейсида Москвадан Тошкентга учиши керак бўлган йўловчилар, техник носозлик туфайли 19 август соат 22:45 дан бери Домодедово аэропортида кутиб қолишмоқда.

Ўзбекистон ҳаво йўллари самолёти Домодедовода 10 соатдан бери қолмоқда

Дастлаб самолёт 20 август соат 13:00да учади деб эълон қилинган эди, лекин соат 16:30 да Домодедово аэропорти маъмурияти ушбу парвоз бугун соат 23:15 да амалга оширилиши режалаштирилаётганини хабар қилди.

Аэропрт маъмуриятига кўра, техник носозликни тузатишнинг иложи бўлмаган ва йўловчиларни олиб кетиш учун бошқа самолётдан фойдаланилади.

Авиакомпания томонидан 18 соатдан ортиқ кутиб қолаётган йўловчиларга қандай шароитлар яратиб берилгани ҳақида аниқ маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Маълумот учун, Россия қонунчилигига кўра, авиакомпания парвозни кечиктирганда йўловчиларни қўйидаги хизматлар билан таъминлаши керак:

Парвоз 2 соатдан ортиқ кечикканда:

Бепул 2 та телефон қўнғироғи, 2та хабар юбориш имконияти, бепул ичимликлар;

Ёши 7 ёшдан кам бўлган болали оилаларга она ва бола хонасига кириш имконияти.

Парвоз 4 соатдан ортиқ кечикканда:

Йўловчилар бепул  иссиқ овқат билан таъминлаш керак. Кутиш ундан ҳам узоқ давом этган тақдирда - йўловчилар ҳар 6 соатда бепул иссиқ овқат билан таъминланиши керак.

Парвоз кечаси 6, кундузи 8 соатдан ортиқ кечикканда:  

Авиакомпания йўловчиларга меҳмонхонадан жой олиб бериши ва уларни меҳмонхонагача бепул трансфер билан таъминлаши керак.

Европа мамлакатларида ушбу талаблар бундан ҳам қаттиқ. Хусусан парвоз 4 соатдан ортиқ кечикканда авиакомпания 600 Евро жарима тўлаши керак. Иссиқ овқат ва меҳмонхона эса 5 соатдан кейин берилади.