ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистон президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кўплаб қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилди.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар ҳокимият вакиллари ҳисобланади. Улар ўз вазифаларини давлат номидан амалга оширишади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорларни давлатнинг қарори, деб билишади ва унга ишонч билдиришади.
Демак, ҳар қандай маъмурий қарор давлатнинг айтган сўзи, деб тушунилади. Инвестор ёки тадбиркор маъмурий ҳужжат асосида давлатга ишониб, ўз маблағларини маълум бир фаолият турига йўналтиради.
Бироқ, қонун ҳужжатларидаги айрим бўшлиқлар туфайли қатор муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Маъмурий ҳужжатларнинг баъзи сабабларга кўра, юқори турувчи орган томонидан ёки шу ҳужжатни қабул қилган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши, суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши каби ҳолатлар кузатилади. Бундай ҳолларда бекор қилинган маъмурий ҳужжатга ишониб, ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор ёки инвестор зарар кўриб қолар ва бу зарар қоплаб берилмас эди.
Ер участкаларини олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилганда, ўтган икки йил ичида республика бўйича 4 689 та турар ва 1 456 та нотурар-жойлар бузилганлиги, ер участкаларини олиб қўйишда айрим ҳокимликлар томонидан қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланди.
Жумладан, 688 та ҳолатда бузилган турар-жой эгалари олдиндан ёзма равишда хабардор қилинмаган, 985 та ҳолатда хабардор қилиш муддатига риоя қилинмаган. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларига зид равишда 100 та ҳолатда бузилган турар-жой учун баҳоланмасдан компенсация тўланган ҳамда 391 та ҳолатда эса турар-жойлар бузилгандан кейин баҳоланган.
Бундан ташқари, республика бўйича турар-жойлари бузилган 37 нафар мулкдорга – 3 млрд. 252 млн. сўм компенсация тўлови умуман тўланмаган, 215 нафарига эса – 15 млрд. 67 млн. сўм компенсация тўлиқ тўлаб берилмаган.
Шу каби қонун бузилишларини бартараф этиш ва мулк дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, қатор кафолат ва имтиёзлар яратилди. Хусусан:
Фармонда биринчи марта “Ишончни ҳимоя қилиш принципи” тушунчаси қўлланилди. Унга кўра, давлат органининг маъмурий ҳужжати ҳақиқий эмас, деб топилса ёки бекор қилинса, унинг натижасида инвестор ва тадбиркорга етказилган мулкий зарарнинг ўрни қоплаб берилади.
Бунинг учун қуйидаги шартларга амал қилинган бўлиши керак:
1) тадбиркор томонидан маъмурий ҳужжат асосида маълум бир қийматда инвестиция киритилган бўлиши;
2) инвестор ва тадбиркорнинг инсофли бўлиши (қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда иш олиб борган, маъмурий ҳужжатни чиқариш учун пора бермаган);
3) ҳужжат қабул қилингандан кейин маълум вақт ўтгач, ҳақиқий эмас, деб топилган ёки бекор қилинган.
Мулкий зарар биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор мансабдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 27 июлдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этилган.
Инвестор ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш фақат суд томонидан амалга оширилиши белгиланди. Илгари туман ҳокими ўзи чиқарган қарорга ўзи ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу коррупцион ҳолатларнинг пайдо бўлишига олиб келар эди. Эндиликда инвестор ва тадбиркорлар судда ўзларининг манфаатларини томонларнинг тенглиги принципи асосида ҳимоя қилиш имконияти эга бўлдилар.