Ўзбекистон ва Қозоғистон келишувига кўра Осиё шенгени тез орада жорий этилиши мумкин

Қозоғистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатларида ягона визани жорий этиш таклифи Ўзбекистон расмийлари томонидан яхши кутиб олинди. Айни кунда икки давлат бу борада муҳокамаларни бошлаб юборишган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари айни кунда Осиё шенгени - "Silk viza"ни жорий этиш устида иш олиб боришмоқда. Бу ҳақда сешанба куни Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Қурманов маълум қилди.

Ўзбекистонга келганда, албатта бориладиган 10та жой

Қурмановнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда бўлиб ўтган парламентлараро учрашув давомида иккала давлат туристик салоҳиятини янада ривожлантириш масалалари муҳокамаси давомида Қозоғистон томон Ўзбекистонга Марказий Осиёда шенген визасига ўхшаш ягона визани жорий этиш кераклиги таклифи билан чиққан. 

"Ҳозирда икки давлат ўртасида ушбу йўналишда тайёргарлик оборилмоқда. Марказий Осиё давлатлари сайёҳларига ягона визани бериш Ўзбекистон режасида бор", - деб қайд этди сенатор.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси Халқаро бошқарма раҳбари ўринбосари Феруз Додиев нега Ўзбекистон Қозоғистоннинг ушбу таклифини ижобий қабул қилганини изоҳлар экан, чет эл сафарларида, хусусан презентациялар давомида сайёҳлар томонидан Ипак Йўли бренди остидаги туризм маҳсулотларига жуда катта қизиқиш билдирилиши кузатилишини қайд этиб ўтди.

Дарига Назарбаева Ўзбекистон билан "шенген" виза тартибини ўрнатишни таклиф қилди

"Ушбу визани жорий қилсак, Ўрта Осиё мамлакатларида бирлаштирилган турларни биргаликда чет бозорига олиб чиқиш имконияти пайдо бўлади. Бу нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатлар туристик салоҳиятини бир жойга жамлашга дунё бозорларига олиб чиқишига катта туртки бўлади", - деди Додиев.

Таъкидланишича, айни кунда Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида бу борада йўл харитасини ишлаб чиқиш ишлари бошланган, аммо қўшни давлатлар туризм қўмиталари ҳам бу масалага ижобий муносабат билдиришмоқда.

Йўл дастури ишлаб чиқилгач, шу асосда ягона визани қабул қилиш қарори қабул қилинади. Бу яқин келажакда рўй бериши кутилмоқда.