Ўзбекистон прокуратура тизимида иккита янги раҳбар тайинланди

Бош прокурорнинг буйруғига асосан прокуратура академияси бошлиғининг молия-иқтисод ишлари бўйича ўринбосари ва Халқаро-ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи тайинланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг 2018 йил 7 августдаги буйруғига асосан Уйғун Учқунович Ниғмаджонов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғининг молия-иқтисод ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бош прокуратура солиқ ва божхона органлари фаолияти устидан назоратни кучайтиради

У.Ниғмаджонов 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2003 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2004 йилда Юнусобод туман прокуратурасида бошлаб, Тошкент шаҳар прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2007 йилдан Бош прокуратура бўлим прокурори, бошқарма прокурори, катта прокурори, бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2012 йилдан шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Халқаро-ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг 2018 йил 7 августдаги буйруғига асосан Олимжон Бурхонович Набиев Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Халқаро-ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасида лавозимий тайинловлар амалга оширилди

О.Набиев 1987 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2011 йилда Зангиота туман прокуратурасида бошлаб, Тошкент вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2015 йилдан Бош прокуратура бўлим прокурори, бошқарма терговчиси, катта терговчиси лавозимларида фаолият юритган.

Аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси катта прокурори лавозимида ишлаган.