Бош прокуратура солиқ ва божхона органлари фаолияти устидан назоратни кучайтиради

Солиқ ва божхона соҳасида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилишга масъул Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратурасида солиқ ва божхона органлари фаолиятини назорат қилувчи 493 штат бирлигидан иборат янги бўлинма ташкил этилади.

Ўзбекистон Бош прокуратурасида лавозимий тайинловлар амалга оширилди

Хусусан, Бош прокуратура тизимида солиқ ва божхона соҳасида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилишга масъул Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилади.

Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманларда мазкур йўналишда прокурор ўринбосарлари ва ёрдамчилари иш бошлайди.

Улар солиқ ва божхона идоралари томонидан қонунчилик талаблари сўзсиз бажарилиши таъминланишини кузатиши, мазкур соҳалардаги қонунчилик ҳолатини тизимли таҳлил қилиши, қонун бузилиши ва коррупция аломатларини зудлик билан бартараф этиши лозим бўлади.

Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ҳисоб палатасига бир ой муддат ичида солиқлардан қочиш, жисмоний шахсларнинг давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши сабаблари ва механизмларини ўрганиш топширилди.

Шу йил 1 октябрдан бозорлар ва савдо мажмуалари томонидан бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва бошқа хизматлар кўрсатилишидан тушувчи тушумларнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилади.