ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Америкалик актёр Стивен Сигал Россия-Америка гуманитар алоқалари масаласида Россия ТИВ махсус вакили этиб тайинланишига жиддий қараётганини маълум қилди, деб хабар қилди РИА Новости.
"Россия ТИВнинг Россия-Америка гуманитар масалалари бўйича махсус вакил сифатида лавозимга тайинланиш мен учун катта шараф. Ўйлайманки, тинчлик, ҳотиржамлик ва ижобий натижаларга эриша оламиз. Мен ушбу ҳурматга жиддий муносабатдаман", - деб ёзган Сигал ўзининг Twitterдаги саҳифасида.
Сигалга юклатилган вазифа - Россия ва Америка ўртасидаги гуманитар алоқалар, шу жумладан, маданият, санъат, ижтимоий соҳаларни янада ривожлантиришдан иборат.
Сигалнинг юқори лавозимни эгаллаши бу молиявий рағбатни назарда тутмайдиган ижтимоий-сиёсий лавозим эканлиги айтилмоқда.
Халқаро амалиётда ушбу лавозимни БМТ элчиси функциялари билан тенглаштириш мумкин.
Сигалнинг янги лавозимга тайинланганидан хабар топган АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол актёр бу борада қандайдир ўзгаришларни амалга оширишига шубҳа қилишини билдирган.
"Мистер Сигалнинг Россия-Америка муносабатларида қандайдир ижобий ўзгаришларни қила олишига шубҳам бор. У, эҳтимол, Россияда машҳурдир, аммо америка жамиятида у ҳеч қандай таъсирга эга эмас. У дипломатик тажрибага эга эмас. Шу боис бу иш бефойда. Ва мен бу ҳаракатни АҚШдаги Россия элчиси Анатолий Антоновга нисбатан уни камситиш, деб биламан. Агар мен Антоновнинг ўрнида бўлганимда, бундай трюкни ўзимга ҳақорат деб қабул қилган бўлардим", - деб айтган Макфол "Коммерсантъ FM" радиостанцияси эфирида.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова собиқ америкалик элчининг ушбу сўзларини жавобсиз қолдирмади.
"Иккиёқлама муносабатларни ёмонлаштиришда Макфолнинг ҳиссаси улкан", - деди у.