ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. 2018 йил 29 июль куни “Халқаро армия ўйинлари - 2018” доирасида бўлиб ўтаётган “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақасининг 1 босқичидан кейин ўзбекистонлик ҳарбийлар иккинчи бўлиб кетишмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Разведкачилар “Ми-8” вертолётидан парашют ёрдамида десант бўлиб тушиши ҳамда белгиланган йиғилиш пунктига чиқиш амалиётини бажаришлари лозим. Шундан сўнг иштирокчилар яшириб қўйилган юкни топишлари, махфий маълумотни штабга юборишлари ва 15 километр масофани босиб ўтишлари, шунингдек, биргаликда тузоқ ташкиллаштиришлари керак.
Қўшин радвекачилари, шунингдек, ҳайдовчи-механиклар тайёргарлиги ва отиш машқларини бажариб, “Разведкачи йўлаги” каби тўсиқларни босиб ўтиши керак бўлади.
Разведка гуруҳлари “душман” билан тўқнашиш эҳтимоли мавжуд шароитда азимутлар (ёки топографик харита) бўйича ҳаракатланган ва барча назорат нуқталарини бутун таркибда ўтган ҳолда 10-15 км.га марш-бросокни уюштирган.
Разведка гуруҳи мутахассиси кичик сержант Сардор Мамарасулов томонидан “Сафдошларининг кайфияти жанговар, гуруҳ Ўзбекистон ҳудудида муносиб тайёргарликдан ўтди, мусобақада ўтган йилги иштирокининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда бу йил ҳам юқори натижаларни кўрсатиш ниятида экани” таъкидланди.
Ҳар бир разведка жамоаси жамоа раҳбари ва сардори, 10 кишидан иборат разведкачилар гуруҳи, 2 та заҳира иштирокчи, 2 та мураббий, таъминот гуруҳидан 3 киши ва техник таъминот гуруҳидан 3 кишидан ташкил топган.
Халқаро мусобақанинг “Қўшин разведкаси аълочилари” танлови Россиянинг Кольцово яқинидаги Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти полигони базасида ўтказилмоқда. Унда Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Арманистон, Ўзбекистон, Хитой, Зимбабве ва Суданнинг энг сара қўшин разведкачилари ўзаро куч синашмоқда. Филиппин ва Ҳиндистон вакиллари бу танловда кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.