Мурод Раимов: шу йил 6 ойида 60 дан ортиқ одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар аниқланди

2018 йил 6 ойида одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда 161 нафар фуқаро жабрланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik.  Халқаро пресс-клуб йиғилишида ички ишлар органлари томонидан одам савдосига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилди.

Одам савдосидан жабрланганлар асосан ёшларни ташкил қилади - Ашита Миттал

Сессияда Ички ишлар вазирлиги одам савдоси ва ноқонуний миграциясига қарши кураш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Мурод Раимов сўзга чиқди.

Мурод Раимов сўзларига кўра, жорий йил 6 ойлик ҳисоботга кўра, жами одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар бўйича 60 тадан ортиқ ҳолат аниқланган бўлиб, шулардан 161 нафар фуқаро жабрланган.

Ушбу жиноятларни барвақт олдини олиш, аниқлаш бўйича ички ишлар тизимида 2017 йил март ойидан бошлаб бир қатор ислоҳотлар ўтказилди.

Ислоҳотлар натижасида терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси тизими яратилди. Унинг негизида одам савдоси ва ноқонуний миграциясига қарши кураш бош бошқармаси ташкил топди. Вилоятларда, шаҳар ва туманларда ушбу йўналиш бўйича хизмат олиб борадиган тезкор вакиллар ажратилди.

Халқаро пресс-клубда одам савдоси ва ноқонуний миграция мавзуида сессия бўлиб ўтди

Бу йўналишда йўл хариталари ишлаб чиқилган. Уларга асосан ушбу жиноят гирдоби таъсирига тушмаслик учун ҳар бир туман, шаҳар, вилоятларда, қишлоқ, овулларда тушунтириш ишлари, турли акциялар, семинарлар, сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

“Ушбу турдаги жиноятлар сони бу йилги даврда солиштирадиган бўлсак, ўтган йилга нисбатан 55 фоизга камайган. Шу турдаги жиноятларни содир этган шахсларга кескин чоралар кўриб, чет давлатлардаги раҳнамолари,уларни кутиб олувчи, жўнатувчи, шароит яратиб берувчи шахсларни аниқлаш тезкор тадбирлари амалга оширилмоқда. Жабр кўрганларга эса республикада ташкил этилган реабилитация марказига йўлланмалар берилиб, уларга руҳий, маънавий, тиббий кўриклардан ўтказиб, уларни яна жамиятга қайтариш, руҳий синган ҳолатини ўзига келтириш чоралари кўрилмоқда”, - деб якун ясади Мурод Раимов.