Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари Россия ва Хитой бўлди

Савдо айланмаси бўйича Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкорлари Россия, Хитой ва Қозоғистон бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июл – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги 2018 йил биринчи ярмида Ўзбекистон билан савдо ҳажми энг юқори мамлакатлар ўнталигини эълон қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон биргаликда “буюмлар интернети”ни ривожлантирмоқчи

Унда биринчи ўринни Россия эгаллади. Ушбу давлат билан савдо айланмаси 2 826 млн долларни ташкил этган. Экспорт - 1 022,4 млн доллар, импорт - 1 813 млн долларга тенг бўлди. Бу мамлакатнинг умумий савдо айланмасидаги улуши - 16%.

Кейинги ўринда Хитой бормоқда: савдо айланмаси - 2 811,3 млн доллар, экспорт - 1 304,6 млн доллар, импорт - 1 506,7 млн доллар. Умумий савдо айланмасидаги улуши - 15,9%.

Учинчи ўринда Қозоғистон жойлашди: савдо айланмаси - 1 436,7 млн доллар, экспорт - 701,4 ва импорт – 735,3 млн доллар. Умумий савдо айланмасидаги улуши - 8,1%.

Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги асосий ҳамкорлари маълум қилинди

Кейинги ўринлардан Туркия, Корея, Афғонистон, Германия, АҚШ, Латвия ва Беларус жой олди.
Вазирлик шунингдек, 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон томонидан экспорт қилинган маҳсулотлар рўйхатини ҳам эълон қилди.

Энг кўп экспорт қилинган маҳсулотлар орасида биринчи ўринда табиий газ, кейинги ўринларда мева-сабзавотлар ва ип-пахта маҳсулотлари жойлашган.

Экспортнинг умумий ҳажми 7 793 421,1 минг долларни ташкил этган.