Ўзбекистонда онкологик дори воситалари ва гемодиализ учун буюмлар ишлаб чиқарилади

Онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан биридир.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда онкологик дори воситалари ва гемодиализ учун буюмлар ишлаб чиқарилади.

Самарқанддаги қатор тиббиёт муассасалари раҳбарлари вазифасидан озод этилди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов билан "Белфармпром" холдинг компанияси бош директори Валерий Шевчук ва Беларусь Республикасининг нуфузли фармацевт  мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда шундай келишувга эришилди.

Онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ  бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Бундай беморларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий препаратларнинг ўрни беқиёс.

"Белфармпром" жаҳон фармацевтика саноатида етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бугунги кунда мазкур холдинг компания таркибидаги корхоналар ўз маҳсулотини дунёнинг ўттиздан зиёд давлатига экспорт қилмоқда. Эндиликда мазкур компания билан ҳамкорликда юртимизда  онкологияда қўлланиладиган замонавий тиббий препаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга келишилди. Ўзаро мулоқотларда беларуслик мутахассислар мамлакатимиз қимматли табиий хомашё базасига бойлиги ҳамда тармоқлараро саноат кооперацияси яхши йўлга қўйилгани хорижий инвесторлар учун жуда катта қулайлик яратишини таъкидладилар. 

Яна бир муҳим лойиҳа –  гемодиализ буюмлари ва сарфлаш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги келишув бўлди. Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, буйрак хасталигига чалинган беморлар  ҳаётини асрашда бу усул муҳим рол ўйнайди.

Ўзбекистон шифокор футболчилари жаҳон чемпионатида иштирок этади

Учрашувда шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини  янги босқичга кўтаришга қаратилган икки томонлама шартномалар имзоланишига ҳам келишиб олинди.

Делегация аъзолари "Азия Трейд" фармацевтика корхонаси ва "Зомин-фарм" эркин иқтисодий зоналарига  ташриф буюриб, республикада фармацевтика саноатини ривожлантириш борасидаги амалий ишлар билан бевосита танишадилар.