ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Чехия пойтахти Прага шаҳрида 30 июндан 8 июлга қадар дунё шифокорлари ўртасидаги жаҳон биринчилиги мусобақалари Ўзбекистон шифокорларидан иборат терма жамоаси иштирок этади, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Ушбу беллашувда Бразилия, Аргентина, Германия, Англия, Мексика каби 22 мамлакатнинг шифокорларидан иборат терма жамоалар иштирок этади.
Ўзбекистон шифохоналарида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларидан таркиб топган терма жамоа ҳам ўз тарихида тўртинчи бор мазкур мусобақада қатнашмоқда.
Шифокор футболчилари бу йилги чемпионатда ҳам юқори поғоналарни эгаллашлари, турнирда муносиб иштирок этишлари учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар томонлама ёрдам берилди. Дастлаб, йил бошида республиканинг барча вилоятларидан шифокор футбол жамоалари иштирокида саралаш турнири ўтказилди. Бу турнирда жами 180 нафардан ортиқ шифокор футболчилар иштирок этган бўлса, турнир якунига кўра, энг кучли 26 нафар маҳоратли ўйинчи терма жамоа учун танлаб олинди.
Жамоани мусобақаларга тайёрлаш мақсадида "Бунёдкор" профессионал футбол клуби мураббийи Сергей Чагудаев ва Денис Карсниченьколар билан шартнома ҳам имзоланди. Мураббийлар томонидан март ойидан бошлаб, ҳафтада 4 кун давомида машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, 3 маротаба ташкил этилган ўқув йиғинида ўйинчилар жисмоний ва техник жиҳатдан пухта тайёргарликдан ўтишди.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев иштирокида футболчиларни кузатиш маросими бўлиб ўтди.