Тошкент ахборот технологиялари университетида ўқитишнинг кредит тизими жорий этилди

Кредит тизимида талабанинг маълум ўқув курсини ўзлаштириш даражаси турли мезонлар асосида белгиланадиган маълум миқдордаги кредитлар суммасини йиғишига боғлиқ бўлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июл – Sputnik. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг филиалларида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилди.

ТАТУ ва Япония олийгоҳи сунъий онг ва робототехника бўйича дастурлар ишлаб чиқади

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм каналида хабар қилинишича, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, университет ва унинг филиаллари таркибидаги академик лицейларнинг таълим дастурлари замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш асосида математика, физика, чет тили ва ахборот технологияларига оид фанлар чуқур ўқитилиши назарда тутилган ҳолда ишлаб чиқилади.

Каналнинг эслатишича, кредит тизимида талабанинг маълум ўқув курсини ўзлаштириш даражаси турли мезонлар асосида белгиланадиган маълум миқдордаги кредитлар суммасини йиғишига боғлиқ бўлади.

Йиғиладиган умумий кредитлар талабанинг дарслардаги фаол иштироки, муайян ўқув курси давомида олинган тест натижалари, илмий изланишлар, оғзаки ва ёзма имтиҳонлар, амалиёт натижалари асосида белгиланади.