Фуқарога қўл кўтарган ИИБ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратурага жабрланувчининг отаси мурожаат қилиб, туман ИИБ бошлиғига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 июл - Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқаро С.Қурбонбоевни уриб тан жароҳати етказгани учун Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи И.Сулаймоновга нисбатан жиноят иши қўзғатди.

Бош прокуратурага жабрланувчининг отаси мурожаат қилиб, И.Сулаймоновга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ўтказилган терговга қадар текширув давомида туман ИИБ бошлиғи “Пасткичақир булоғи” фермер хўжалиги даласига келган вақтда комбайнлар ғалла ўрмасдан турганлигини важ қилиб, С.Қурбонбоевнинг бурун қисмига мушти билан урганлиги аниқланган.

Каттақўрғондаги ҳолат юзасидан қатор ходимлар ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиобод туман прокуратураси томонидан туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймоновга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Санъат Умаров ўғирликда гумон қилинган аёлни ИИБ биносида таҳқирлагани тасвирланган лавҳа интернетда тарқалган ва катта шов-шувга сабаб бўлгани ортидан шаҳар ИИБдаги қатор ходимлар ишдан олинганди.