Каттақўрғондаги ҳолат юзасидан қатор ходимлар ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди

© Sputnik / Сергей Субботин / Медиабанкка ўтишПортфели
Портфели - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов раҳбарлигидаги ушбу ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганмоқда.

ТОШКЕНТ, 15 июл – Sputnik. Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг қатор раҳбар ходимлари ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар қилинди.

Хизмат вазифаларини ижро этишда қўпол камчиликларга йўл қўйиб, ходимларнинг хизмат олиб бориш фаолиятини тегишли тартибда назорат қилмаган ҳамда шахсий таркиб билан якка тартибдаги тарбиявий ишлар олиб борилишини етарли даражада ташкил этмаганликлари учун Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров, унинг биринчи ўринбосари Иззатилло Хўджамқулов ҳамда кадрлар бўйича ўринбосари Зафар Шералиев, шаҳар ИИБ ЖҚБ бошлиғи Алишер Шукуров Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди, вилоят ИИБ ва шаҳар ИИБнинг бир қатор раҳбар ходимларига нисбатан бошқа интизомий жазо чоралари қўлланилди”, - дейилади хабарда.

Пустое кресло - Sputnik Ўзбекистон
Шов-шувга сабаб бўлган Каттақўрғон шаҳар ИИБга янги бошлиқ тайинланди

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Санъат Умаров ўғирликда гумон қилинган аёлни ИИБ биносида таҳқирлагани тасвирланган лавҳа интернетда тарқалган ва катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Хабарга кўра, юқоридаги воқеа содир этилиши билан боғлиқ ҳолатларда хизмат вазифаларини бажармаган Каттақўрғон шаҳар ИИБ катта инспектор навбатчиси Насим Алиев ва навбатчи ёрдамчиси Жаҳонгир Шодиевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар, ушбу ИИБ профилактика инспектори Шамшод Тўхтаев эса ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Юқоридаги видеолавҳани тасвирга олган ва унда акс этган ҳолатларни келтириб чиқарган Санъат Умаров ички ишлар органлари сафидан бўшатилиши билан бирга, унга нисбатан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Жиноят иши бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Келгусида бу каби салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида, ўтказилган хизмат текшируви хулосаси барча даражадаги ички ишлар органлари шахсий таркиби орасида кенг муҳокама қилинмоқда”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, бундай ҳолатларга қатъиян йўл қўймаслик ҳамда ички ишлар органларида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг аҳволини ҳар томонлама ўрганиш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш ва тегишли чора-тадбирлар кўриш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма фармойиши билан ишчи гуруҳи тузилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов раҳбарлигидаги ушбу ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганмоқда.

Мазкур ўрганишлар республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ўтказилиши белгиланган.

Янгиликлар лентаси
0