Каттақўрғон шаҳар ва Самарқанд тумани ИИБларининг барча ходимлари аттестациядан ўтказилади

Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятининг барча шаҳар-туманлари ҳамда вилоят ИИБ соҳавий хизматларининг ходимлари билан бирма-бир суҳбатлашиб, уларнинг хизмат фаолиятини атрофлича кўриб чиқди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июл – Sputnik. Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятига доир танқидий йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

Йиғилишда вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилинди.

Самарқандда камчиликларга йўл қўйгани учун яна икки туман ИИБ бошлиғи ишдан олинди

Ички ишлар вазири хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда Самарқанд шаҳар, Нуробод, Жомбой, Пайариқ, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд, Иштихон ва Пастдарғом туманлари ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб, уларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш ва иш натижадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйганлиги учун вилоят ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари О.Раҳмонов, Самарқанд шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Ганиев, Қўшработ туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Усманов, Тойлоқ тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари М.Маҳкамов, Оқдарё туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н.Усанов, Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Н.Тилавов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Каттақўрғондаги ҳолат юзасидан қатор ходимлар ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳар ва Самарқанд тумани ички ишлар органларининг барча ходимларини навбатдан ташқари шаҳодатлашдан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Бунга қадар Ички ишлар вазири Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи И.Абдуқаҳҳоров ва уч нафар раҳбар ходимлари, Булунғур тумани ИИБ бошлиғи С.Абдуҳакимов ва Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи Х.Абдуҳамидовни ички ишлар органларидан бўшатганлиги тўғрисида маълумот берилган эди.