Августдан аҳолига етказиб бериладиган суюлтирилган газ нархи ошади

Ҳозирги кунда республикадаги 6 миллион 143 минг истеъмолчига газ ёқилғиси етказиб берилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл – Sputnik. Жорий йилнинг 1 августидан аҳолига бериладиган 1 килограмм суюлтирилган газ барча ҳудудлар учун 800 сўм этиб белгиланмоқда. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар қилди.

Хабарда айтилишича, “Ўзтранcгаз” акциядорлик жамияти томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгаши иштирокида конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда табиий газ сарфини камайтирадиган янги кўмирли энергоблок ишга туширилди

Анжуманда мурожаатларни кўриб чиқишда газ таъминоти корхоналари ходимларининг муомала ва ҳуқуқий маданиятига эътибор қаратиш, юзага келадиган низоли ва баҳсли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, айни пайтда 1 килограмм суюлтирилган газ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида 700 сўм, қолган ҳудудларда эса 500 сўмдан етказиб бериляпти. Жорий йилнинг 1 августидан эса аҳолига бериладиган 1 килограмм суюлтирилган газ барча ҳудудлар учун бир хил — 800 сўм етиб белгиланмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда республикадаги 6 миллион 143 минг истеъмолчига газ ёқилғиси етказиб берилмоқда. Шундан 3 миллион 300 мингта уй-жой, 83 мингга яқин улгуржи истеъмолчи табиий, 2 миллион 760 минг аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.