Самарқандда камчиликларга йўл қўйгани учун яна икки туман ИИБ бошлиғи ишдан олинди

Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл – Sputnik. Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйгани учун Самарқанд вилоятидаги икки туман ИИБ бошлиқлари лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.

Хабарда айтилишича, ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг Самарқанд, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи ва Иштихон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида бўлди.

Каттақўрғондаги ҳолат юзасидан қатор ходимлар ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди

Ишчи гуруҳнинг мазкур ҳудудлардаги ҳолатни батафсил ўрганиши натижасида Самарқанд туманида оғир тан жароҳати етказиш, Каттақўрғон, Оқдарё туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида фирибгарлик, талончилик каби жиноятлар ошиб кетганлиги аниқланди.

Жомбой ва Самарқанд туманларида вояга етмаганлар, Каттақўрғон, Ургут ва Тайлоқ туманларида аёллар жиноятчилиги, Булунғур туманида илгари судланганлар жинояти ошиб кетган.

“Фаолиятида юқоридаги каби тизимли камчиликларга йўл қўйилганлиги учун Булунғур тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдуҳакимов Содиқ Абдуҳакимович, Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдуҳамидов Хайрулло Убайдуллаевич эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, - дейилади хабарда.

Самарқанд вилоятида ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган ўрганиш давом этаётганлиги ва ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этиб бориши хабар қилинган.

Шов-шувга сабаб бўлган Каттақўрғон шаҳар ИИБга янги бошлиқ тайинланди

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Санъат Умаров ўғирликда гумон қилинган аёлни ИИБ биносида таҳқирлагани тасвирланган лавҳа интернетда тарқалган ва катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Шундан сўнг Ўзбекистон ИИВ расмий сайтида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма фармойиши билан ишчи гуруҳи тузилгани, ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов раҳбарлигидаги ушбу ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганаётганлиги хабар қилинганди.