Самарқанд вилоятининг янги ҳокими ўз фаолиятини нимадан бошлади

Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов ушбу лавозимга тайинланганидан бир кун ўтиб шаҳардаги ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишишга чиқди.

Самарқанд вилоятига янги ҳоким тайинланди

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ўзининг facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бу ҳақда хабар қолдирди.

Э.Турдимов ташриф буюрган илк объект Ёшлар маркази бўлди.

Вилоят ҳокими Ёшлар марказида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди ва зарур тавсияларни берди. Жумладан, марказ ёшларнинг эмин-эркин кириб-чиқишлари учун қулай бўлиши, бу ерда ёшлар ўзларини эркин ҳис қилиши учун барча шарт-шароит яратилиши лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг вилоят ҳокими президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Ипак йўли” туризм халқаро университетида ташкил этилган қабул жараёни билан танишди ва ушбу муассасада яқин келажакда халқаро даражада таълим бериш учун нималарга аҳамият қаратиш лозимлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Э.Турдимов Самарқанд давлат университети педагогика факультетида олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят бўлимининг янги биносини қуриш учун мўлжалланган ҳудуд билан ҳам танишди.