НАТО саммити Афғонистон бўйича Тошкeнт конференцияси якунларини қўллаб-қувватлади

11-12 июл кунлари Брюссел шаҳрида Шимолий Атлантика альянсининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди,
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл - Sputnik. НАТОга аъзо мамлакатлар март ойида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Тошкeнт конференцияси якунларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар берди.

Шимолий Атлантика альянсининг навбатдаги саммити 11-12 июл кунлари Брюссел шаҳрида бўлиб ўтди, унда тузилмага аъзо 29 та мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.

НАТО Афғонистондаги мақсадлари ҳақида баёнот қилди

Саммит қатнашчилари НАТОнинг Афғонистондаги “Қатъий кўмак” миссияси бўйича Қўшма баёнот қабул қилдилар. Ҳужжатда жорий йилнинг 28 феврал куни ўтказилган Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик йўлидаги “Кобул жараёни” анжумани, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йил 26-27 март кунлари бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясининг натижалари алоҳида миннатдорлик билан қайд этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июн куни қабул қилинган Марказий Осиё бўйича резолюциясида ҳам Тошкент конференциясининг афғон можаросини узил-кесил ҳал қилишда муҳимлиги алоҳида кўрсатилган эди.