Ўҳў: контракт тўлови, порахўр ўқитувчилар, янги терминал ва шикастланган валюта

Шу ҳафта давомида Ўзбекистонда кўплаб ҳодиса ва воқеалар содир бўлди. Хусусан, ҳафтанинг бошида олийгоҳларда тўлов-контракт миқдори оширилганлиги эълон қилинди. Шавкат Мирзиёев республикада атом электр станциясини қуриш бўйича қатор топшириқлар берди. Нукус аэропортида янги йўловчи терминал очилди.
Sputnik

Шундай қилиб, Ўзбекистонда содир бўлган энг муҳим хабарларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Атом электр станция

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июлда республикада атом электр энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилишни ўтказди.

Мирзиёев атом электр станциясини қуриш бўйича муҳим топшириқлар берди

Станцияни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган. Станцияни барпо этиш натижасида йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Йиғилишда атом электр станциясини қуриш, ундан фойдаланиш, хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ишлар муҳокама қилинди.

"Бу соҳада фақат табиий газ ва кўмирдан фойдаланишни давом эттираверсак, уларнинг мавжуд захираси маълум вақтдан кейин тугаб қолиши мумкин. Бу эса келажак авлод олдида кечириб бўлмайдиган хато ва жиноят бўлади", — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ривожланган давлатлар тажрибаси асосида иш тутиш, атом электр станциясини жойлаштириш бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш ва геологик-қидирув ишларини сифатли бажариш бўйича топшириқлар берди.

Ушбу соҳага доир норматив-ҳуқуқий база яратиш, "Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида"ги қонун ва тегишли қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларнинг МАГАТЭ талаблари ва халқаро ҳужжатларга мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, физика ва техника йўналишларидаги олий ўқув юртларини битирган салоҳиятли кадрларни танлаб олиб, уларни Москва ва Минскка ўқишга ҳамда атом электр станцияларида тажриба орттиришга юбориш бўйича кўрсатма берилди.

Нукусда янги йўловчи терминали очилди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга янги йўловчи терминали ишга туширилди. Очилишида бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этди.

Янгиланган Нукус аэропорти биринчи йўловчиларни кутиб олди

Терминал халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатиш имконини берадиган энг замонавий техника билан жиҳозланган. Мажмуанинг дизайнини ишлаб чиқишда ҳудуднинг иқлим шароити ҳам ҳисобга олинган. Унда технология, хавфизлик ва қулайлик ўртасида мувозанатга эришилган, деб таъкидлашмоқда аэропорт ходимлари.

"Тошкентда яқинда энг замонавий терминаллардан биттаси очилди. Бундан ташқари кўп жойларда аэропортлар қуриш масаласи ҳам муҳокама этилаяпти. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида Шарқий янги аэропорти бунёд этилаяпти. Икки йил ичида бу масала ҳал бўлади ва Ўзбекистонда яна бир нечта авиакомпаниялар очилади", — деб айтди Раматов.

Фақатгина "Ўзбекистон ҳаво йўллари" эмас, бир нечта авиакомпаниялар очилиши кутиляпти, ўша компаниялар самолётлари Нукус қалъасига мана шу янги қурилган терминал орқали хизмат кўрсатади, - деди бош вазирнинг биринчи ўринбосари.

Олий таълим муассасаларида контракт тўлови миқдори

2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ўртача 18,5 фоизга ёки таълим йўналишларига қараб 12,3 фоиздан 24,7 фоизга оширилди.

Ушбу хабар ҳафта давомида интернетда қизғин муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда депутатлар контракт тўловини пасайтириш бўйича таклифлар билдишди

Олий Мажлис депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев контракт тўлови миқдорини пасайтириш бўйича таклифлар билан чиқиш қилди.

Халқ вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, агар Ўзбекистон олий таълим муассасаларидаги стипендиялардан тўлиқ воз кечилса, тўлов-контракт миқдори 1,5-2 миллион сўмдан ортмаган бўларди.

Валюта айирбошлаш операциялари

Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомда шикастланган чет эл валютасини муомалага яроқли деб топиш асослари кўрсатилган. Масалан, эндиликда тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини берадиган даражада сийқаланган ва ифлосланган бўлса; энининг (бўйининг) тўртдан бир қисмидан ошмаган ёпиштирилган йиртиқларга эга бўлса; қўйилган бурчаклари ёки қисмлари (1 сантиметр иккитадан ошмаган) бўлса ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлар аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлса бундай банкноталар муомалага яроқли қонуний тўлов воситаси ҳисобланади.

Банклар қандай ҳолдаги шикастланган хориж валюталарини қабул қилиши белгилаб берилди

Шунингдек, тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг шикастланган банкноталарини миллий валютага айирбошлаш ёки шу турдаги шикастланмаган банкноталарга алмаштириш, майдалаш, йириклаш ҳамда конверсия операцияларни амалга оширишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Олдин амалда бўлган тартибга кўра, эски купюраларни Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкига топширишга тўғри келарди. Эндиликда бундай купюраларни банклар ва валюта алмаштириш пунктлари қабул қилишга мажбур. Шикастланган купюраларни қабул қилгани учун молия муассасаларига комиссия тўлови олишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, резидент жисмоний шахсларга тижорат банкининг махсус дастуридан фойдаланган ҳолда чет эл валютасини сотиб олиш, сотиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа операцияларни амалга ошириш имконияти берилмоқда. Бунда махсус дастурни компьютер қурилмасига (планшет, мобиль телефон) юклаб олади ҳамда ундан фойдаланади.

Порахўр ўқитувчиларга қарши "ов"

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган тадбирда Юнусобод тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 247-сонли умумтаълим мактаби директори Туламетова фуқаро Алмасовадан фарзандини 1-синфига ўқишга қабул қилиш эвазига 500 минг сўм пора олаётган вақтда қўлга олинди.

Тошкент миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосари Ваҳобова эса ўқишни оилавий шароитлар туфайли тамомлай олмаган Қорабоевга коллежни битирганлик тўғрисидаги дипломни расмийлаштириб бериш эвазига ундан 400 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Олий даргоҳларни порахўр домлалардан тозалаш ишлари бошлаб юборилди

Шунингдек, Чилонзор туман тиббиёт коллежи талабаси мазкур коллежда ўқитувчи бўлиб ишловчи таниши Маликов орқали фуқаро Маликовани иккинчи мутахассислиги бўйича ушбу коллежга ўқишга киритиб қўйиш эвазига ундан 500 долларни пора тариқасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бошқа ҳолатда фуқаро Тўлаганова ва Тошпўлатовалар Тошкент педиатрия институти ректори ёрдамчиси лавозимида ишловчи Умид исмли таниши орқали мазкур институтга ўқишга киритиб қўямиз деб, Мирзаабдуллаевадан нақд 15 минг долларни санаб олаётган вақтида қўлга олинди.

Тошкент Давлат педагогика университетида ҳам худди шундай ҳолат рўй берган. Олийгоҳнинг лаборанти Бобоев Нуруллаевни университетнинг жисмоний тарбия факультетига ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, ундан 8 минг доллар олган вақтида ушланган. Шу университетнинг яна бир ходими — доцент Ахмадалиев ҳам фуқаро Салимовадан хоҳлаган факультетига ўқишга киритиб қўйишга ёрдам бериш эвазига 4 минг доллар сўраган ва пулнинг тенг ярмини олаётган вақтида қўлга олинган.