Умид Аҳмаджонов: Бизга боқиманда клубларнинг қуруқ савлати керак эмас

Ўзбекистон клублари футболчиларга кўтарма пуллари бермайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 июл – Sputnik. Ўзбекистон клублари футболчиларга кўтарма пуллари бермайди. Бу ҳолат 2019 йил учун тузиладиган шартномаларда ўз ифодасини топади, деб маълум қилди Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов топшириғига кўра, давлат томонидан молиялаштирилаётган клубларнинг штат жадвали ҳамда инфратузилмасини тартибга келтириш ишлари бошланган ҳамда кўтарма пуллари масаласи бунда алоҳида ўрин тутади.

Имтиҳонлардан ўта олмаган ҳакамлар Суперлига ва Про-лига ўйинларидан четлаштирилди

 “Ҳали бир ишни қойил қилиб қўймаган футболчининг клубга келмай турибоқ миллионлаб пул талаб қилишини тушуниш қийин. У ўз савиясига қараб ойлик-маош ёки меҳнатлари эвазига мукофот пулларини талаб қилиши мумкин. Шу вақтгача унинг қуруқ савлатига берилган пул эндиликда футболчини тарбия қилган футбол мактаблари ҳамда мураббийларига йўналтирилади. Бу ўз навбатида болалар футболида фаолият олиб бораётган мураббийларни сифатли футболчиларни етиштиришга бўлган интилишини кучайтиради”, — деб айтган Умид Аҳмаджонов ЎФА ҳамда ПФЛ раҳбарияти билан учрашувда.

Матбуот хизматининг билдиришича, айни вақтда Ўзбекистонда кўплаб клублар давлат корхоналари томонидан рағбатлантирилади.

“Қолаверса, кўтарма пулларини бериш тартиби бир қатор шубҳаларга сабаб бўляптики, бунинг орқасидан футболчи ҳамда манфаатдор томон молиявий ютуққа эришиши мумкин. Бироқ футбол ҳам, клублар ҳам ривожланиб қолмаяпти. Эндиликда футболчилар қилган меҳнати учун ва албатта ютуғи учун рағбатлантирилади. То футбол клублари хусусийлашиб, ўртада соғлом рақобат вужудга келмагунига қадар, кўтарма пули тушунчаси унутилади”, дейилади хабарда.

Умид Аҳмаджоновнинг сўзларига кўра, “Айниқса, бир йиллик, ярим йиллик бўлган легионер футболчилар учун берилаётган кўтарма пуллари ачинарли. Келади, миллионни чўнтагига солади, ўйнаса ўйнади, ўйнолмаса индамай қайтиб кетаверади”.

“Бизга боқиманда клубларнинг қуруқ савлати керак эмас. Давлат уларга суянч бўлаётганидан фойдаланиб, ўз келажаклари ҳақида қайғуришсин. Ўша савиясиз легионерлар бугун бор, эртага йўқ. Академия ёки стадионлар эса ўзимизга қолади, футболимиз ривожи учун хизмат қилади”, — деган Умид Аҳмаджонов.