ТОШКЕНТ, 7 июл – Sputnik. Ўзбекистон Суперлига ҳамда Про-лига учрашувларини бошқараётган бош ҳакамлар, уларнинг ёрдамчилари жисмоний тайёргарлик бўйича тест-синовлари ҳамда назарий билимлар бўйича топширган имтиҳонлари натижалари эълон қилинди.
Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг хабар беришича, синовлар натижаларига кўра, 25 июндан 30 июнгача 40 нафар ҳакамлар ва ёрдамчиларидан имтиҳон олиниб, 3 нафар бош ҳакам ва 2 нафар ёрдамчи ҳакам фитнес тест топшира олмаган бўлса, 2 нафар ёрдамчи ҳакам назарий имтиҳондан ўта олмади.
3-4 июль кунлари имтиҳон топширган 34 инспектордан 10 нафари назарий имтиҳондан ўта олмади. 4-6 июль кунларидаги имтиҳонларда 37 нафар ҳакам иштирок этиб, 1 нафар бош ҳакам фитнес тестдан, 4 нафар ёрдамчи ҳакам назарий имтиҳондан ўта олишмади.
Имтиҳонлардан ўта олмаган ҳакамлар Суперлига ҳамда Про-лига ўйинларидан четлаштирилди.