Мусобақа жараёнини Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий округлар масъул офицерлари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва аҳоли (чипта тўлови асосида) кузатди.
"Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида биринчи маротаба ўтказилаётган ушбу танк биатлони мусобақасига жиддий тайёргарлик кўрилди. Бу каби беллашувлар келгусидаги халқаро мусобақалар учун трамплин вазифасини ўтайди. Ёдингизда бўлса, 2017 йил Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон ва Хитойнинг 22 та полигонида 28 та мамлакат ҳарбий хизматчилари иштирокида "АРМИ-2017"учинчи халқаро армия ўйинларида вакилларимиз фахрли ўринларни эгаллаган эди", — дейди мусобақа бош ҳаками полковник Алишер Алижонов.
Мусобақанинг иккинчи босқичида Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртидан жами олтита жамоа иштирокида Т-62 танкида мусобақа ўтказилди.