Эрон яқин орада ШҲТга қабул қилинмайди

Россиялик экспертлар фикрига кўра, Эрон яқин орада ШҲТга қабул қилинмайди, чунки бу борада аъзо мамлакатлар орасида консенсусга эришилгани йўқ.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 июн - Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти яқин орада ўз сафига Эронни қабул қилиши амри маҳол, дейишмоқда россиялик экспертлар, РИА Новости хабарига асосан.

Пайшанба куни Россия Халқаро ишлар бўйича кенгаши мутахассислари ШҲТ саммити якунларини муҳокама қилишди.

Циндаода ШҲТ раҳбарлари саммити бошланди

МГИМОнинг Шарқий Осиё изланишлар марказининг катта илмий ходими Игор Денисов айтишига қарганда, Эронни ШҲТга қабул қилиш жараёни Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга мослашув жараёни ва “янги реаллик” туфайли секинлашади.

Денисовнинг ҳамкасабаси Михаил Конаровский фикрига кўра, ШҲТ аъзолари ҳам ҳозирча Эроннинг қўшилиши борасида консенсусга эриша олгани йўқ.

Шунингдек, Эроннинг қўшилишига Тожикистон ҳам қарши бўлиши мумкин, чунки Душанбе ва Теҳрон орасида муносабатлар анча мураккаб.

Эслатиб ўтамиз, 9-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида ШҲТ раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммит якунларига кўра давлат раҳбарлари декларация ва бошқа бир қатор шартномаларни имзолашди.