ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Хитойнинг Циндао шаҳрида ШҲТ саммити бошланди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Саммит олдидан анъанавий суратга тушиш тадбири бўлиб ўтди. Шундан сўнг ШҲТ раҳбарларининг аввал тор доирада кейин кенг доирадаги мажлислари бўлиб ўтди. Саммитнинг асосий якуний ҳужжати – Циндао декларацияси бўлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам саммитда нутқ сўзлаб, ШҲТга Хитой раислик даврида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди.
"Кўркам Циндао шаҳрида ўтаётган ушбу саммит “Шанхай саккизлиги” раҳбарларининг илк учрашуви сифатида тарихда қолади. Бу чуқур маънога эга, чунки айнан “8” рақами хитой халқида омад ва тараққиётни англатади.
Ташкилотимиз қисқа даврда бир ярим миллиард одамга кўпайди, унинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти салмоқли даражада кенгайди", — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёев Евроосиё қитъаси хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашда ўрни кучайиб бораётганини таъкидлади. Ҳиндистон ва Покистондек қудратли давлатларнинг ШҲТ фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қатнашиши кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишини қайд этди ва Афғонистон масаласида ҳам тўхталиб ўтди.
“Афғонистондаги тинчлик – минтақадаги барқарорлик ва тараққиёт омили эканлигини жуда яхши англаймиз. Ишончим комил, “ШҲТ — Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида биз мазкур мамлакатнинг тинч тараққиётини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшишга қодирмиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.