Қуронбоев ишсиз юрган ёшларга Имкон маркази ёрдам беришини айтди

Ёшларга имкон маркази ўз ишини бошлаб юборган ва бугунги кунда марказга иш топиш истагида мурожаат қилаётганлар кўпчиликни ташкил этади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Ёшларга имкон маркази самарали фаолият юритмоқда, деб хабар қилган ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон Ёшлар етакчиси Қаҳрамон Қуронбоев.

Тошкентдаги бўш иш ўринлари ярмаркасидан репортаж: ишга муҳтожлар нимадан афсусланди
Қуронбоев илгарироқ Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши қошида ташкил этилган Ёшларга имкон маркази ўз фаолиятини бошлагани ҳақида маълум қилганини эслатиб ўтган.

Унинг айтишича, бу хабар Ўзбекистон бўйлаб барча ёшларни қизиқтириб қўйгани боис, марказга кўплаб мурожаат ва сўровлар келиб тушмоқда.

Постда марказга мурожаат қилиб, иш топган қашқадарёлик Ҳамидулла Эшқобиловнинг фикри келтириб ўтилган.

"Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашаётган имкон марказининг фаолияти ҳақида радиода эшитганимда аввалига ишонмадим. Сўнг мазкур марказга иш сўраб мурожаат қилдим. Қурилиш соҳаси бўйича уқувим борлиги учун марказ томонидан мавсумий ишга жойлаштирилдим", — дейди Ҳамидулла.

Ёшларга имкон маркази

Таъкидланишича, Ҳамидулла ҳозирги ишидан жуда хурсанд.

Мавсумий ишларга жойлашиш борасида тўлиқ маълумот имкон.уз сайтида келтирилган.