ТОШКЕНТ, 20 июн – Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ тезкор-қидирув гуруҳи ва прокуратура органлари ҳамкорлигида ноқонуний “пул мукофоти”ни олиш ҳолати аниқланди, деб хабар берди Тошкент ШИББ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, ҳайдовчиларни тайёрловчи МК “Ватанпарвар” ташкилотининг шўъба унитар корхонаси раҳбари ўринбосари ўз хонасида 500 доллар ва 200 минг сўм миқдорида “мукофот пули” олаётган вақтда ИИББ ҳузуридаги Жиноят қидирув бошқармасининг Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.
У бу пулларни машғулотларга келмасдан гувоҳнома олишга йўл очиб бериши учун олмоқчи бўлган.
Прокуратура томонидан қўлга киритилган далилий ашёлар ва материаллар асосида қўлга олинган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.