Ўзбекистон гилос экспорти бўйича Испанияни ортда қолдириб дунёда 4-ўринга кўтарилди

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда ўзбек гилосининг асосий устун жиҳати унинг нархи арзонлиги бўлиб турибди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 июн – Sputnik. Ўтган тўрт йил давомида гилос етиштириладиган майдонлар фаол кенгайитирилиши ҳисобига Ўзбекистон ушбу мева экспорти бўйича Испанияни ортда қолдирди ва дунёда тўртинчи ўринга кўтарилди. Бу ҳақда EastFruit хабар бермоқда.

EastFruit таҳлилчиларининг маълумотига кўра, Ўзбекистон 2017 йилда 32 минг тоннага яқин гилос экспорт қилган бўлиб, бу Испанияга нисбатан 5 минг тоннага кўпдир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда бу йил гилос экспорти ҳажми 36-38 минг тоннага етиши мумкин.

Ўзбекистон биринчи марта гилосни Хитойга экспорт қилди

Нашрнинг ёзишича, атиги беш йил олдин Ўзбекистоннинг гилос экспорти ҳажми йилига 5 минг тоннадан ҳам ошмаган, аммо 2016-2017 йилларда экспорт ҳажми кескин ошган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, маҳсулотнинг 99,5%и Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади ва бу мазкур йўналишдаги бизнесни ривожлантиришдаги энг катта муаммодир.

“Таъми жуда ширинлигига қарамасдан, бошқа мамлакатларда Ўзбекистон маҳсулотларига талаб деярли йўқ. Мева етиштириш технологиясининг эскирганлиги, гилос саралашнинг мавжуд эмаслиги, совутиш ва қадоқлаш технологияларидаги муаммолар бошқа мамлакатларга экспорт қилишдаги асосий тўсиқлардир”, - дейилади таҳлилчилар томонидан.

Уларнинг фикрича, энг жиддий муаммо бу маҳсулотнинг самарасиз маркетингидир.

“Халқаро кўргазмаларда қатнашган ва ўз маҳсулотларини реклама қилган аксарият ўзбек компаниялари харидорларнинг телефон ёки электрон почта орқали мурожаатларига жавоб қайтаришмайди, уларнинг интернет сайтлари эса кўпинча  ишламайди. Бу эса табиийки, Ўзбекистондаги барча етказиб берувчиларнинг имижига салбий таъсир кўрсатади”, - дейилади таҳлилда.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда ўзбек гилосининг асосий устун жиҳати унинг нархи арзонлиги бўлиб турибди.