Мирзиёев Россия ва САР ўртасидаги учрашувни томоша қилиб, Ўзбекистонга қайтди

Шавкат Мирзиёев Москвада олий мартабали меҳмонлар қаторида Россия ва Саудия Арабистони миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этди ва куннинг ўзида Тошкентга жўнаб кетди.

Шавкат Мирзиёев ўғли ва набираси билан бўри "Забивака" ёнида суратга тушди

Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан  Москвага ташриф буюрган эди. 

Ўзбекистон етакчиси Россияда футбол байрамига хос кўтаринки муҳитда кутиб олинди, ўғли ва набираси билан футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатининг рамзи — бўри "Забивака" билан суратга тушди.

Сўнгра "Лужники" олимпия комплексида ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этган. 

Ўзбекистон раҳбари олий мартабали меҳмонлар қаторида Россия ва Саудия Арабистони миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилди ва хорижий давлатлар раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказди. Мирзиёев шу куннинг ўзида Тошкентга жўнаб кетди.