Мактаб битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар бериш тикланиши мумкин

Олтин медалга эга бўлган ўқувчига республикадаги давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига кириш синовларида тўплаган умумий баллига 50 фоиз, кумуш медалга эга бўлган ўқувчига тўплаган умумий баллининг 30 фоизи миқдорида балл қўшиб берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 июн – Sputnik. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида “Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасида айтилишича, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва фаол жамоатчилиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Лойиҳага кўра, олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлари ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло, намунали хулққа эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.

Мактаб ўқувчиларининг ўзлаштириш даражасини белгилаш бўйича тадқиқот ўтказилади

Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло, намунали хулққа эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.

Битирувчиларни олтин ва кумуш медаллар билан мукофотлашга тавсия этиш битирувчиларни олтин ва кумуш медаль билан тақдирлашга тавсия этиш бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилади.

Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар таълим муассасасида ҳар йили 10 июнга қадар тантанали равишда топширилади.

Олтин медалга эга бўлган ўқувчига республикадаги давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига кириш синовларида тўплаган умумий баллига 50 фоиз, кумуш медалга эга бўлган ўқувчига тўплаган умумий баллининг 30 фоизи миқдорида балл қўшиб берилади.

Олтин ва кумуш медалларга эга бўлган ўқувчиларга бериладиган имтиёз бир йилгача амал қилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медаллар “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан Халқ таълими вазирлигининг буюртмасига асосан тайёрланади.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасида мажбурий 11 йиллик умумий ўрта таълимга ўтилиши муносабати билан ўқувчиларнинг таълим ва тарбияга бўлган иштиёқини ошириш ва улар орасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг сифатли таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида қабул қилинаётганлиги билдирилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 28 июнга қадар давом этади.