"Одамларимизни аяймиз, лекин одамлар юртини аямайди": Тошкент аҳлига мурожаат

Пойтахт - мамлакат остонаси, дея эътироф этишади. Демак, пойтахтда яшовчи аҳоли бошқаларга ҳар томонлама намуна бўла олиши даркор. Бугун Тошкент аҳолисида бу борада қандай муаммолар кузатилмоқда?
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. 13 июн куни Тошкентдаги Халқаро Пресс клубда Тошкентнинг бугуни, эртаси, муаммолари ва яқин истиқболда пойтахтни кутаётган ўзгаришларга бағишланган йиғилишда иштирокчилар ватанга муҳаббат, ободончилик, масъулият ва туғилиб ўсган жойга дахлдорлик масалаларини кўтардилар.

Янги уйлар, сув қувурлар ва иш ўринлар ёхуд Мирзачўл обод гулистонга айланди
Халқаро Пресс клуб сессияси давомида катта экранда хароба аҳволга келиб қолган турар-жойлар, сув босган ертўлалар, йиллар давомида инсон қўли тегмаганлиги туфайли,  деярли чакалакзорга ва ташландиқ жойларга айланган, ахлатхонага айлантирилган ҳудудлар, болалар учун хавфли масканга айланган болалар майдончалари акс эттирилган видео лавҳа намойиш этилди.

Видеодаги кадрларнинг барчаси Ўзбекистон пойтахти — Тошкент шаҳрида олинган эди.

Мавзуни — шу бугун ишга келаверишда гувоҳи бўлган манзара — автомобил ўриндиғида ўтириб, қора асфальтга сигарета қолдиғини улоқтирган ҳайдовчи воқеасидан бошлаб берган ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаев спикерларга "Биз бугун нега бундай аҳволга келиб қолдик?", — деган савол билан мурожаат қилди.

Сессия иштирокчилари бу саволга жавобан одамларда ҳали ҳам боқимандалик кайфияти мавжудлигини таъкидлашди. Мавзу муҳокамасида қатнашганларнинг барчаси Тошкент аҳолисини "давлат қилиб берсин", "президентимиз қилиб берсин", "ҳокимият қилиб берсин", деб қараб ўтиришни йиғиштиришга ва ватанга дахлдорлик туйғуси билан енг шимариб ишга киришишга чорладилар.

"Нима дейишга ҳам ҳайронмиз": байрамдан кейин сайилгоҳлар ахлатхоналарга айланди
Иштирокчиларнинг фикрича, ҳозирда Ўзбекистоннинг кўплаб регионларида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошлаб юборилган "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари республика халқида ўз Ватанига меҳр-муҳаббат уйғотиш учун амалга оширилган энг катта хайрли ишдир.

"Ҳар бир фуқаро мана шу мен яшаётган уй, мен яшаётган маҳалла-ку, дея биргаликда ҳаракат қилинса, ҳар бир фуқаро ободончилик ишларига озгина бўлса-да ўз ҳиссасини қўшадиган бўлса, мана шу видеолавҳада кўриб турган манзараларнинг бирортаси бўлмайди. Бу масаланинг илдизи маданиятга, таълим тарбияга бориб тақалади", — деб таъкидлашди иштирокчилар.

Шунингдек, муҳокама давомида шу кечаю-кундузда Тошкент шаҳридаги бошлаб юборилган ободонлаштириш ишларида Андижон вилоятидан ҳашарчилар келиб қатнашганликлари атиб ўтилди.

"Пойтахт бошқа вилоятларга ўрнак бўлиши керак, аслида. Умид қиламизки, андижонлик ҳашарчиларнинг Тошкентга келиб мана шундай ободончилик ишларни амалга ошираётганлари шаҳар аҳолисига намуна бўлади, улар керакли хулосани чиқарадилар", — деб якун ясалди мавзуга.

ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаев пойтахт ҳақида фикр билдирар экан, шундай деди: "Ҳар бир давлатда пойтахтга талаб бошқача бўлади. Чунки пойтахт нафақат шаҳар, балки ҳар бир мамлакатнинг сиёсий-иқтисодий маркази, Бош шаҳридир. У мамлакат остонаси. Ўзбекистонга келган меҳмонларда юртимиз ҳақида дастлабки таассуротлар Тошкент тимсолида пайдо бўлади".