Тошкентдаги бўш иш ўринлари ярмаркасидан репортаж: ишга муҳтожлар нимадан афсусланди

Sputnik Ўзбекистон мухбири Тошкентда ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида бўлиб, иш берувчилар таклифи ишга муҳтожлар талабига қай даражада жавоб берди, деган саволга жавоб излади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Ўз ишини бошлаш, бандликнинг ўзига мос вариантини топиш, мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш ёки ҳунар ўрганиш – бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро исталган йўналишда ўзини топа олиши мумкин. Хоҳиш бўлса бас.

Албатта, ишнинг сизга маъқул келиши, қолаверса, ойлик масаласи ҳам муҳим. Демак, таклиф ҳам бу ерда муҳим роль ўйнайди.

Бугун Тошкент шаҳридаги Чилонзор туманида жойлашган Низомий номидаги Тошкент педагогика университетида ўтказилган кенгайтирилган бўш иш ўринлари ярмаркасида фуқароларга Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сергели, Учтепа, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ корхона ва ташкилотлардаги 3 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Ярмарка вакансий в Ташкенте прошла во дворе педагогического университета имени Низами

Sputnik Ўзбекистон мухбири ушбу бўш иш ўринлари ярмаркасида бўлиб, иш берувчилар таклифи ишга муҳтожлар талабига қай даражада жавоб берди, деган саволга жавоб излади.

Кореяда ишлаш учун тестдан муваффақиятли ўтганлар ҳужжатларини тақдим этишлари сўралмоқда
Университет биноси эрталабки соат 10дан одамларга гавжум. Катта ёшдаги эркаклардан тортиб, коллежни энди тамомлаш арафасида турган талабаларгача, иш билан банд бўлмаган ёшлар ва турли ёшдаги ишга муҳтож аёллар шу ерда тўпланишган.

Статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2017 йил якуни бўйича Ўзбекистонда 837 минг киши расмий ишсиз деб қабул қилинганини эътиборга олсак, одамлар гавжумлигига ажабланмаса ҳам бўлади.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаларида “минглаб иш изловчилар ишга йўлланма олишгани” ҳақидаги ҳисоботларни маҳаллий ОАВларда ва Меҳнат вазирлиги расмий сайтида кўп ўқигансиз.

Ярмарка вакансий в Ташкенте

Аммо бугун ўтказилган ярмаркада фуқароларнинг қанчаси иш билан таъминлангани ҳақида эмас, балки ярмаркага иш излаб келган ишга муҳтожлар (улар орасида олий маълумотлилари ҳам бор) дуч келган муаммоларга тўхталишни лозим топдим.

Мисол учун, Сергели тумани стендида ташкил этилган Наркология шифохонасида мавжуд бўш иш ўринларидан ўзига маъқул бўш вакансияни топган мутахассислиги иқтисодчи бўлган фуқаро иш берувчилардан йўлланма ололмади. “Пропискангиз” йўқ экан, биз фақат “пропискаси”га қараб йўлланма берамиз, бошлиқ шундай деди”, — деган жавоб берилди унга.

Чет элга кетаётган мигрантлар қандай қилиб чегирмали чипта олиши мумкин ?
Кейинги столда жойлашган иш берувчилар ўз атрофида йиғилган фуқароларга қандай қилиб қонуний ҳаққини талаб қилиш асносида ишга жойлашиш мумкинлиги ҳақида маълумот бераётган экан. "Ўзингиз прописка қилинган ҳудуддаги бандликка кўмаклашиш марказларига “мени квота бўйича ишга қабул қилинг” деб қонуний ҳаққингизни талаб қилсангиз, улар сизни иш билан таъминлайди…"

Дарвоқе, Бандликка кўмаклашиш марказлари Ўзбекистондаги барча ҳудуд, шаҳар ва туманлари бўйича бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни жамлаб, ҳар ойда ish.mehnat.uz веб сайтида эълон қилиб бормоқда.

Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, сайтда 5000 дан ортиқ бўш иш ўринлари ҳақида маълумот мавжуд. Сайтнинг Интерактив хизматлар бўлими орқали ўзингизга мос лавозимга таклиф олишингиз ва ишга жойлашишда ёрдам олишингиз мумкин. Ҳатто ўриндошлик асосида ҳам иш бошлашингиз мумкин. Шунингдек, иш изловчи сайтга ўз маълумотнома(резюме)сини жойлаштириш, тўғридан-тўғри корхона-ташкилотларга жўнатиш имкониятига ҳам эга. Иш қидириш жараёнини янада қулайлаштириш мақсадида бўш иш ўринлари ҳудуд, шаҳар ва туманлар бўйича киритилган. Ишга жойлашиш бўйича шахсий ёрдамчи иш изловчига унга мос бўлган ишни топишда ёрдам беради. Фақат ойлиги қониқтирса бас. Иш топиш муаммо бўлмайди.

Кейинги — “Чет элга ишга юбориш” деб ёзилган стол қаршисида ўтирган йигитга мурожаат қиламан: “Чет элга ишга юборасизларми?”

“Ҳа, чет элга ишга жўнатамиз, қонуний жўнатамиз”, — дейди у саволимга жавобан ва қайси давлатга ишга бормоқчи бўлаётганимга қизиқди. Аммо маълумотим “олий” эканлигини билгач, бакалавр дипломига эга фуқароларга ҳозирча вакансия йўқлигини айтди.

"Меҳнат миграцияси": Ўзбекистондан Россияга қонуний кетиш қанчага тушади?
У билан суҳбат давомида агар қора ишчи бўлиб ишлашга рози бўлсам, Россиянинг Самара шаҳрида 35 мингдан-60 минг рублгача иш ҳақи тўлайдиган ишлар борлиги ҳақида маълумотларга эга бўлдим.

Ишга жойлашиш учун мендан Меҳнат вазирлигига шахсан мурожаат қилиш, иш берувчи билан суҳбатдан ўтиш (бунда иш шарт-шароитлари, иш талабларини билан танишиш) ва агар маъқул бўлса чет элга мигрант сифатида йўлга чиқаверишим мумкинлигини билиб олдим.

Албатта, чет элга кетиш шартлари ва талаблари ҳақида шу вақтгача Спутник нашри кўп ёзган. Агар қизиқ бўлса, қуйидаги ҳаволада ўқишингиз мумкин.

Ярмаркани айланишни давом этаман.

Сергели тумани бўйича ҳайдовчилар ва чипта пули терувчиларни ишга таклиф қилаётган 12 автосарой иш берувчи вакиллари ёнида тўхтайман.

Чипта терувчилар қанча ойлик олишларига қизиқаман. "Бир ярим миллион сўмгача", — дейишади жавобан.

Ёзги мавсумда талабаларни уч ойлик ишга қабул қиласизларми, дейман. "Йўқ, бизга доимий иш билан банд бўладиган иш изловчилар керак", — дейишади.

Сергели тумани иш берувчилари қаторининг энг охирида миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотлари чиройли қилиб терилган столга кўзим тушади. Аммо бу ерда бошқалардан фарқли ўлароқ ҳеч ким йўқ эди.

Ассоциация народных умельцев "Хунарманд" представила свой стенд в ярмарке вакансий, Ташкент

Ҳунармандлар уюшмаси вакилидан қандай иш ўринларини таклиф этаётганига қизиқиб кўраман.

"Биз ишни "нол"дан бошлашни мақсад қилган, ҳунармандчиликка қизиқиш билдирган ва ўз ишини бошламоқчи бўлган инсонларга ёрдам берамиз", — дейди суҳбатдош.

Аниқроқ тушунтиришни сўраганимдан сўнг, давом этади: "Масалан сиз ҳайкалчалар ясайсиз, сиз қонуний ишлашингиз керак, маҳсулотингизни сотишингиз, кўргазмалар ташкил қилишингиз керак — бунинг учун фуқаро албатта ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлиши керак".

Ҳунармандларга микрокредитлар берилади ва солиқдан озод этилади
Ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлсам, бу менга нима беради, деб савол бераман.

"Олти ой имтиёзли даврни ўз ичига олган энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробаридан (51,6 млн сўм) ошмаган миқдорда имтиёзли микрокредитлар берилади. Ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлган ҳунарманд шунақа кредит олади. Аммо бизни мақсадимиз фуқароларни кредитга эмас, ҳунармандчиликка жалб қилиш", — деб аниқлик киритади уюшма вакили.

Суҳбат давомида Ҳунарманд уюшмасига аъзо бўлган инсон, агар у бирор ҳунарга эга бўлмаса, устоз ҳунармандга бириктирилиши, ҳунар ўргангач эса ўз ишини бошлаши мумкинлиги, ҳунармандлар келажакда пенсия билан таъминланиши ва яна қатор имтиёзларга эга бўлишлари мумкинлиги ҳақида маълумот оламан.

"Нега сизларни стендларингиз олдида ҳеч ким йўқ, бошқаларда кўриб турибсизки иш изловчилар гавжум кўп", — дейман хайрлаша туриб. "Қуёш бўлса керак сабаби”, — дейди табассум билан суҳбатдош. Дарвоқе, Тошкентда ҳали соат 11 ҳам бўлмаганига қарамай, жазирама, қуёш нафас олиб бўлмайдиган даражада қиздирган.

Суҳбатдошимнинг сўзларига шубҳа билдирмайман.

Бўш иш ўринлари ярмаркасига саёҳатимни якунлаш қарорига келиб энди ортга қайтгандим ҳам бир гуруҳ аёлларга дуч келдим. "Бекор келибмиз, иш йўқ экан", деди улардан бири ёнидаги аёлга мурожаат қилиб. Қолганлари маъқуллашади.

Аёллар турган стенд ёнига яқинлашаман. Тикувчилик фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖлар тикувчи ва шу йўналишдаги касбга эга аёлларга иш таклиф қилмоқда экан.

Ойлигига қизиқдим — 500 минг. "Ойликни оширишни иложи борми?", — дейман бошини қуёшдан пана қилиб ўтирган иш берувчи вакилига. Жавоб бериш ўрнига қўлимга бир парча қоғоз тутқазди.

Қоғозга кўз югуртираман, "1 маҳал иссиқ овқат ва автобус хизмати", деб ёзилган. Пастроқда телефон рақами келтирилган.

Тикувчилик соҳасида иш излаб юрган аёлларга ҳам прописка керак бўлармикин, деган ўйда қоғозда кўрсатилган рақамларни тераман. Афсуски, қоғоз парчасида келтирилган телефон рақами ўчирилган бўлиб чиқди.

Барча коллеж битирувчилари ишга жойлаштирилади
Ярмаркани тарк эта туриб, "Айтишникларга вакансия йўқми", дея иш берувчиларни хол-жонига қўймаётган ёш йигитчага кўзим тушди.

Ёнидаги шериги ҳам иш излаётган, аммо қандай соҳадаги ишга жойлашмоқчилигини ўзи ҳам билмасди.

"Маълумот бермайсизларми, ахир иш излаяпти булар", дейман иш берувчи вакилларига.

"Мана рўйхатни бердик, ўзига кераклисини танлаб олаверсин". — деган жавоб олдим.

Ўзи нима иш келади қўлингиздан, дейман йигитчага қараб. У бир пас жим туради. "Шукр, соғломман, ҳамма ишни уддалайман. Лекин коллежни Ай-ти технологиялар бўйича шу йил тугатаман, ўз соҳам бўйича иш қидираётгандим, топа олмадим", — дейди суҳбатдошим.

Тўғри, бу турдаги ярмаркалар ҳали кўп ўтказилади, бунга шубҳа йўқ. Аммо ташкилотчиларга илтимосимиз, бор. Ярмаркани ўтказганингиз ҳақида ҳисобот топширишга эмас, балки бугунги кунда вакансияларга киритилмаган мутахассисликка эга бўлган мана шу ёш "айтишник" сингари йигитларга — улар ўз имкониятларини яна қайси соҳаларда синаб кўришлари мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар беришга тайёр бўлсангиз…