Маданият вазири: меценатлик ҳақида қонун қабул қилинса катта ижобий ўзгаришлар бўлади

Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Спутник Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда меценатлик тўғрисида қонун қабул қилингандан сўнг маданият соҳасида қандай ўзгаришлар рўй беришини айтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik, Дилшода Рахматова. Бугун Тошкентда Халқаро пресс-клуб майдончасида "Меценатлик: янги анъанани шакллантириш" мавзусида муҳокама анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳомийлик қилиш тўғрисида қонун қабул қилишга тайёрланмоқда

Муҳокамада Олий Мажлис Сенат раиси биринчи ўринбосари Садиқ Сафоев, Мадания вазири Бахтиёр Сайфуллаев, Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлаштириш жамғармаси директори ўринбосари Гаянэ Умерова, Франция маданият вазири Меценатлик бўйича департамент бошлиғи Роберт Фор, "White & Case" ҳуқуқшуноси Лаура Хойланд спикер сифатида иштирок этадилар.

Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Sputnik мухбирининг меценатлик тўғрисида қонун қабул қилингандан сўнг Ўзбекистонда маданият соҳасида қандай ўзгаришлар рўй бериши ҳақидаги саволга жавоб берди.

"Меценатлик — Ўзбекистонда янги ҳодиса эмас, бироқ меценатлик тўғрисида қонун илк бор қабул қилинади, бу ўз навбатида янгича воқеликни ҳосил қилади. Қонун қабул қилиниши билан маданиятни қўллаб-қувватлаш соҳасида жуда катта ижобий ўзгаришлар содир бўлиши керак. Меценатлик бу индивидни ҳам молиявий ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир, умид қиламанки, меценатлик тўғрисида қонун қабул қилингач республикада ҳаммаси ўзгаради. Таъкидлаб ўтишим керакки, ўша вақтда, мустақилликнинг биринчи йилларида, республика эндигина шаклланаётган пайтда биз республиканинг иқтисодиёти ривожланиши ва чегараларнинг мустаҳкамлигига эътибор қаратиб келганмиз. Ҳозир эса Шавкат Мирзиёев президент лавозимига келиши билан у киши биринчи навбатда маданият ва санъат соҳаларига, уларнинг ривожланишига жуда катта эътибор қаратди. Шунинг учун Маданият вазирлиги ҳузурида маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганда, бизнинг биринчи вазифамиз — депутатлар ва Сенат билан ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўлди", — деб таъкидлади маданият вазири.

Мирзиёев: Алишер Усмонов Наманганнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга ёрдам беради

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил 3 август куни маданият вакиллари билан учрашувда "агар маданиятимиз ривожланмас экан, жамиятимиз ҳам ривожланмайди, бизнинг халқимизнинг ривожланиш даражаси миллий маданиятимиз билан ўлчанади", дея таъкидлаган ҳамда Ўзбекистоннинг янгича образини яратишни мақсад қилган эканмиз, бу ишни миллий маданиятимизни ривожлантиришдан бошлаш керак, деб қўшимча қилган эди.

Муҳокаманинг барча иштирокчилари ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон маданий соҳасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнашини таъкидладилар.

Қонун лойиҳасига кўра, меценатлардан ёрдам қабул қилувчилар сифатида — давлат солиқ органларидан рўйхатдан ўтган, Ўзбекистон Республикасининг маданий меросини ва маънавий меросини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, илмий ва ижодий, таълим ишлари билан шуғулланувчи маданият ва санъат нодавлат ва нотижорат ташкилотлари бўлиши мумкин.

Шунингдек, қонун меценатлик ёрдамини олувчилар томонидан ҳисобот топшириш механизми ҳам назарда тутади. Бу ўз навбатда меценатлик қилувчи шахсларга уларнинг маблағлари мўлжалланган мақсадларда сарфланаётганлигига ишонч ҳосил қилишларига ёрдам беради.