Ўзбекистонда махсус бўлинмалар ўртасида "Мудофаа вазири кубоги" мусобақаси ўтказилди

Тошкент ҳарбий округига қарашли Сирдарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда махсус бўлинмалар ўртасида бокс бўйича "Мудофаа вазири кубоги" чемпионати ўтказилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ўзбекистонда махсус бўлинмалар ўртасида бокс бўйича “Мудофаа вазири кубоги” мусобақаси ўтказилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати вакили.

Мудофаа вазирлиги вакиллари биринчи ўзбек жаҳон чемпиони Руфат Рисқиевникида бўлишди

"Тўрт кун давом этган нуфузли мусобақада чарм қўлқоп усталари 6 вазн тоифаси бўйича беллашди. Мусобақанинг финал баҳсида 64 кг вазн тоифасида куч синашган Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Шахбоз Қаландаров мезбон боксчи Достонбек Набиевга имкониятни бой берди", — деди суҳбатдош.

Шиддаткор ҳужумлар уюштирган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Хасанбой Муйдинжонов (69 кг) муддатидан олдин муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскар Муҳаммаджон Муродовни енгиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлган.

Шунингдек, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Мирзаолим Неъматжонов (75 кг),  Исломбек Мўминов (81 кг), Ғиёс Фозилов (91 кг.гача) ҳамда Шерзод Расулов (+91 кг) ўз вазн тоифасида тенгсиз эканлигини исботлаган.

Турнир якунида ғолиб ва совриндорларга медаллар ҳамда Мудофаа вазири номидан фаҳрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилган.

Умумжамоа ҳисобида ғолиблик эса 4 олтин медал жамғарган Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларига насиб этган. Ҳарбий жамоа "Мудофаа вазири кубоги" билан тақдирланган.