Судланмаганлик тўғрисида аризани олиш тартиби эълон қилинди

Эндиликда бу турдаги аризани олиш учун Давлат хизматлари агентликларига мурожаат қилиш талаб этилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот-хизмати судланмаганлик (судланганлик) тўғрисидаги маълумотномани олишнинг янги тартибини эълон қилди.

Ўзбекистонда судланганлик учун ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади

Хабарга кўра, эндиликда фуқаролар бу турдаги маълумотномани олиш учун Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилишлари лозим.

"2018 йил 1 июнь кунидан Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар судланмаганлик (судланганлик) тўғрисидаги маълумотномани олиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Давлат хизматлари кўрсатиш марказларига мурожаат қилишлари лозим", — дейилади хабарда.

Вилоятлар ҳудудида жойлашган шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи фуқаролар юқоридаги маълумотномани олиш учун, яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлигига қараб, вилоят марказидаги Адлия бошқармалари қошидаги Давлат хизмат кўрсатиш марказларига мурожаат қилишлари лозим.

Шу билан бирга, фуқаролар маълумотномани олиш учун электрон равишда “Ягона интерактив давлат хизматлари портали”га, анкетани тўлдириш йўли билан my2.gov.uz электрон манзилга мурожаат қилишлари мумкин.