Имом Бухорий халқаро стипендияси таъсис этилади

Халқаро тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорий халқаро стипендиясини таъсис этиб, буюк муҳаддис олимнинг илмий меросини ўрганаётган бошқа давлатлардаги ўрганувчиларни рағбатлантириб бориш ҳам назарда тутилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркия давлатидан келган исломшунос олимлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилди Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Фейсбукдаги саҳифасида. 

Чет элдаги Ўзбекистон маданий бойликларни қайтарувчи махсус марказ ташкил қилинди

Таъкидланишича, Туркиянинг нуфузли олий ўқув юртлари 30 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари ўз юртларида Ислом динининг ўқитилиши ва фойдаланиладиган адабиётлар, манбалар ҳақида маълумот берди.

Тадбир давомида Имом Бухорий илмий тадқиқот маркази ва Туркиянинг Истанбул университети илоҳиёт факультети, Ибн Ҳолдун, Кастомоно ва Истанбул заин университетлари ўртасида илмий ҳамкорлик ва мутахассислар алмашинуви бўйича меморандум имзоланган. 

Ушбу меморандум асосида келажакда ўзаро кадрлар алмашиш ва Туркия фондларида сақланаётган ноёб қўлёзма асарларини ўрганиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш ва халққа етказиш асосий мақсад қилинган.

Бундан ташқари, буюк ўзбек алломаларининг илмий меросини ўрганаётган тадқиқотчиларига туркиялик профессор-ўқитувчиларнинг раҳбарлик қилиши ва, аксинча, уларнинг илмий ишларига ўзбек олимлар раҳбарлик қилиши ҳам режалаштирилган. 

Халқаро тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорий халқаро стипендиясини таъсис этиб, буюк муҳаддис бобомизнинг илмий меросини ўрганаётган бошқа давлатлардаги ўрганувчиларни рағбатлантириб бориш ҳам назарда тутилган.