Мирзиёев "Росатом" бош директори Лихачёвни қабул қилди

Учрашувда ўтган йили имзоланган Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Росатом" давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди, деб хабар берди президент матбуот-хизмати.

Росатом Ўзбекистон билан атом станциясини қуриш масаласини муҳокама қилмоқда

"Музокарада фан ва юқори технологиялар соҳасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат илмий-тадқиқот институтлари ва инновация марказлари ўртасида, жумладан, ўтган йили имзоланган Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди", - дейилади хабарда.

Қўшма дастур ва лойиҳалар доирасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

"Росатом" давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси раҳбариятининг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Россия икки мамлакат ва халқларнинг манфаатлари йўлида энергетика секторида кенг кўламли шериклик ва ўзаро фойдали илмий-технологик ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлиги ва бунга тайёрлиги алоҳида қайд этилди.