Самарқандда “Дамас” ҳайдовчиси уриб қочган ЙПХ инспектори вафот этди

Ҳайдовчи ходимнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай ҳаракатни давом эттириб, инспекторни қасддан уриб юбориб воқеа жойидан қочиб кетган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида “Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси йўл патруль хизмати инспекторининг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.

Ўзбекистонда уч кун ичида икки нафар ЙПХ ходими уриб юборилди

Хабарда айтилишича, 24 май куни соат 12ларда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида “Дамас” автомашинасини телефонда гаплашиб бошқариб келаётган ҳайдовчи Самарқанд вилояти Йўл патруль хизмати инспектори Иброҳим Нишонов томонидан тўхтатилган.

Ҳайдовчи ходимнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай ҳаракатни давом эттириб, инспекторни қасддан уриб юбориб воқеа жойидан қочиб кетган.

Жароҳат олган сафдор Иброҳим Нишонов касалхонада вафот этган.

Кўрилган чоралар натижасида “Дамас” русумли автомашинани эгаси С.Ш. эканлиги аниқланиб ушланган.