Бутун дунё ёш етакчилари Ўзбекистонда тўпланади

Ёш лидерлар конференциясининг мақсади малакали ва улкан салоҳиятли ёшларга минтақавий ва халқаро миқёсдаги долзарб мавзуларда фикр алмашишга замин яратиш, шунингдек, турли мамлакатлардан келган иштирокчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Жорий йилнинг 27-31 май кунлари Тошкентда илк бор Ёш лидерлар халқаро конференцияси бўлиб ўтади. XVII Ёш лидерлар конференциясида Австрия, Аргентина, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Греция, Хитой, Нидерландия, Россия, Сербия, АҚШ, Ўзбекистон, Франция, Эстониядан қарийб 40 нафар вакил иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Жаҳон" АА хабар берди.

Форум Германиянинг "Global Bridges e.V." ижтимоий ташкилоти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ҳамда ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида ўтказилади.

Тадбир дастурига кўра, иштирокчилар халқаро ва минтақавий сиёсат, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, унинг етакчи давлатлар билан ўзаро муносабатлари ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролига оид долзарб мавзуларда фикр алмашишади.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларининг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Тарих институти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиши ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, конференция доирасида Самарқанд шаҳрига сафар уюштириш, унинг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш, шунингдек, "MAN Auto Uzbekistan" Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасига бориш ҳам режалаштирилган.

Ёш лидерлар конференциясининг мақсади малакали ва улкан салоҳиятли ёшларга минтақавий ва халқаро миқёсдаги долзарб мавзуларда фикр алмашишга замин яратиш, шунингдек, турли мамлакатлардан келган иштирокчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Самарқандда Марказий Осиё ёшлари форуми ўтказилади

"Global Bridges e.V." 1973 йили Берлинда ташкил этилган мустақил нотижорат ташкилотдир. Унинг фаолияти тижорат тузилмалари ҳомийлик бадаллари ҳисобига молиялаштирилади. Германия, АҚШ, Ҳитой ва бошқа давлатларнинг етакчи таълим ва тадқиқот марказлари мазкур ташкилотнинг ҳамкорлари саналади. 400 дан зиёд турли соҳалардаги ташкилотлар "Global Bridges e.V." га аъзодир.

Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳаларидан 25 дан 35 ёшгача бўлган салоҳиятли ёш лидерлар ўртасида алоқаларни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган турли конференция ва форумлар, симпозиум, учрашув ҳамда танишув сафарларини ташкил этишдан иборат.

Ташкилот ижрочи раиси Беате Линдеманннинг фикрича, конференцияни ўтказиш жойини танлаш тасодифий бўлмади. Ўзбекистоннинг минтақада муҳим ўрин эгаллаши, халқининг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда мамлакатда турли жабҳаларда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотлар бундай қарорга келишга хизмат қилди.

— Ўзбекистоннинг ёш ва серғайрат президенти раҳбарлигида мамлакатда ёшлар сиёсати фаол олиб борилаётгани биз учун ҳайратланарлидир. Тошкент ёш лидерлар конференцияси Ўзбекистон учун Европа, Осиё ва Американинг ёш етакчиларини бирлаштирувчи халқаро тармоққа кириш чиптаси бўлиб хизмат қилади. Умид қиламизки, Тошкентда бўлиб ўтадиган мазкур тадбир ўзбекистонлик ҳамкорлар билан мустаҳкам ва узоқ муддатли ўзаро ҳамкорлик қилишга барқарор пойдевор яратади, — деди Линдеманн.