Дунё мамлакатларида қандай тонировкага рухсат берилган?

Автомобил ойнасини қорайтириш керакми? Бу хавфсизликка қандай таъсир қилади? Дунё мамлакатларида қандай тонировкага рухсат берилган?
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 май – Sputnik. Автомобиллар ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ҳақидаги оммавий мурожат “Менинг фикрим” порталида 10 мингдан зиёд овоз тўплаб, Олий Мажлис муҳокамасига ўтди.

Бу портал тарихида парламент муҳокамасига ўтиш учун етарли овоз тўплаган биринчи мурожаатнома бўлди. Шундан кўриниб турибдики, ушбу мавзу жуда долзарб, тонировка қилишни истайдиганлар сони жуда кўп.

Хўш, тонировка ўзи нима учун керак?

Биринчи ва энг асосий сабаб – автомобил салонини қуёш нурлари таъсиридан ва қизиб кетишидан ҳимоя қилиш.

Автомобил ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ҳақидаги петиция 9500дан ортиқ овоз тўплади

Турли мамлакатларда ўтказилган тажрибаларга кўра, қуёшда қолдирилган автомобнинг олд панели 70 даржагача қизиб кетиши, салон ҳарорати эса 55 даражагача қизиши мумкин экан. Тонировка қилинган автомобилларда  салон қизиши 5-10 % камроқ бўлар экан.

Тажрибаларда қуёш нури асосан олд ойна орқали кириб келиши аниқланган. Лекин, дунёнинг аксарият мамлакатларида олд ойнани тонировка қилиш таъқиқланган. Бундай ҳолда мутахассислар парковка вақтида махсус кумушранг парда билан тўсиб қўйишни маслаҳат беришмоқда.

Тонировканинг зарари борми?

Қуёшдан ҳимоя қилувчи пленка, албатта ойнинг нур ўтказиш қобилиятини ҳам пасайтиради. Айниқса ёмғир ёки қор ёғаётган, ҳаво булут бўлган вақтларда қорайтирилган ойна орқали атрофни кўриш бир неча баравар ёмонлашади. Бунинг оқибатида хавфсизлик пасаяди. Айнан шу сабабдан шимолий давлатларда олд ойнани тонировка қилиш таъқиқланган.

Тошкентда "кўринмас" рақамли автомобил ушланди

Иккинчидан, тонировка қилинган автомобил унинг ёни ва орқасидан ҳаракатланаётган бошқа автомобиллар учун ҳам, нариги тарафда нима бўлаётгани кўринмайдиган, “қора девор”га айланиб қолади.  Баъзи ҳолларда бу хавфли бўлиши мумкин. Масалан, тонировка қилинган автомобил олдидан ўтаётган пиёдани, унинг ёнидан ҳаракатланаётган автомобил ҳайдовчиси энг сўнгги дамга қадар кўрмай қолиши мумкин.

Дунё мамлакатларида қандай тонировкага рухсат берилган?

Россия ва Европа:

Олд ойна — 75 %, олдинги ён ойналар – 70 % нур ўтказиши керак.  Орқа ойна ва орқа ён ойналар —  чекланмаган. Фақат стоп-сигнал орқа ойна ичига ўрнатилган бўлса уни ёпиш мумкин эмас.

Францияда:

ЙПХ ходимлари салон ичини ҳам суратга оладиган видеокамералар билан жиҳозланади

Олд ойна тепасига фақат эни 10 см бўлган қорайтирилган пленка ёпиштириш мумкин. Ён ва орқа ойналарга фақар Францияда сертификациядан ўтган қорайтирувчи плёнкалар ёпиштириш мумкин.

АҚШда:

Алабамада – ён ва орқа ойналар 32 % нур ўтказса кифоя.

Аляскада – олдинги ойналарни қорайтириш таъқиқланган, орқа ойналар 37 % нур ўтказиши керак.

Калифорнияда  - олд ойнанинг юқори қисмида 10 см, қорайтириш мумкин. Олдинги ён ойналар 70% нур ўтказиши керак.  Орқа ойналар – исталганча қорайтирилиши мумкин.

Флоридада – Олдинги ён ойналар – 28 %, орқа ойналар  – 15 % нур ўтказса кифоя.

Шу ўринда айтиш жоизки, тонировка қилинган ойна орқали кўриш — қорайтирувчи плёнканинг сифатига жуда боғлиқ бўлади. Бу борада етакчи ва тажрибали компаниялар маҳсулотидан фойдаланган афзал.