ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Тошкент йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари чорраҳаларда ўрнатилган ЙҲҚ қайд этиш камераларига кўринмаган "Матиз" русумли автомобилни қўлга олишди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
"27 ноябрь куни тахминан соат 20-00ларда Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХ ходимлари Яшнаобод туманида жойлашган "Чўлпон" блок постида ўтказилган текширув давомида "Матиз" русумли автомобилни тўхтатишди. Ушбу автомобил 1963 йилда туғилган Махамат Мирсидиқов бошқарувида бўлган", — дея таъкидлашди Тошкент ИИББда.
Ички ишлар ходимлари ушбу автомобил олдидаги давлат рақамининг устки қисмига махсус плёнка ёпиштирилганлигини аниқлашди. Бу давлат рақамини назорат кузатув камераси суратга олганда, рақамлар ўрнига оқ тусдаги белгиларни тасвирга олиши маълум бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан Мирсидиқовга нисбатан транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузилиши банди юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, унинг автомобили жарима тураргоҳига жойлаштирилди.
Ўзбекистонда қалбаки давлат рақамларини тақиб олиш ёки уларни бошқа усуллар билан ўзгартириш бўйича ҳаракатларини содир этиш энг кам иш ҳақининг 10 баравар, бу сал кам 1,5 миллион сўм миқдорида жаримага тортилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 15 мартдан бошлаб Тошкентнинг 115 та чорраҳасида йўл транспорт ходисаларни махсус фото ва видео кузатув тизими ишга туширилган бўлиб, жами 883 та кузатув видеокамералари ўрнатилди. Ҳозирги кунда ушбу тизимда йўл ҳаракати қоидаларининг 2 турдаги бузилишини автоматик қайд этиш функцияси мавжуд. Булар — автотранспорт ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириши ва сфетофорнинг тақиқловчи белгисида ўтиш қоидабузарликлари.
Бундан ташқари, ушбу тизимни ривожлантириш доирасида яна 280 та чорраҳаларда камералар ўрнатилади. Мазкур чора-тадбирлар "Хавфсиз шаҳар" дастури асосида келгуси 2 йил давомида амалга оширилади.