ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари хотирасига 52 та дарахт экилди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги.
"2018 йил 19 май куни Остона шаҳрининг Ботаника боғида Актобе вилоятида январь ойида бўлиб ўтган фожиали йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг хотирасига 52 та дарахт экилди", — дейилади хабарда.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, тадбирда Остона шаҳар акимлиги, бизнес ва медиа жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан қайд этилганидек, қозоғистонликлар Ўзбекистоннинг 52 нафар фуқароси ҳалок бўлган фожиали ҳодисани унутмадилар ва бугунги тадбир қурбон бўлганлар хотирасига алоҳида ҳурмат белгиси бўлиб, уларнинг оилаларига ҳамдардлик ҳиссиётларини намойиш этади.
18 январ соат 10:30 да Ақтобе вилоятининг Иргиз туманида "Самара — Шымкент" йўлининг 1068 километрида, Калыбай посёлкасидан 10км масофада "Икарус" автобуси ёниб кетди. Автобус салонида 55 йўловчи ва икки нафар ҳайдовчи бўлган. 52 киши фожеа жойида қурбон бўлган.