ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Туркманистон қонунчилигига мувофиқ чет эл фуқаролари, жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Туркманистон ҳудудига киргандан сўнг ва белгиланган манзилга етгунларига қадар, шунингдек, давлат ҳудудида турар жойи ўзгарган ҳолларда турар жойи бўйича миграция хизмати органларида мамлакатга кирган кунини ҳисобламаганда 3 (уч) иш куни ичида рўйхатдан ўтишлари лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ маълум қилди.
Шунингдек, Турманистон ҳудудидан транзит ўтувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, агар уларнинг Туркманистонда бўлиш муддатлари кирган кунини ҳисобламаганда 5 кундан ошмаса, фақат миграция назорати постларида рўйхатдан ўтадилар.
Халқаро йўналишларда юк ташиш билан шуғулланувчи ўзбек автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари, агар уларнинг Туркманистонда бўлиш муддатлари 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатни ташкил этса, фақатгина Туркманистон давлат чегарасидаги миграция назорати постларида аҳоли пунктлари йўналишида, шунингдек, белгиланган манзилларга транспорт-ташиш ишларини амалга оширишда рўйхатдан ўтадилар.
Агар уларнинг Туркманистонда бўлиш муддати давлат ҳудудига кириш санасидан бошлаб 5 (беш) кундан ортиб кетса, у ҳолда кириш санасини қўшиб ҳисоблаганда 15 кунгача бўлган муддатга Туркманистон миграция хизмати органларида рўйхатдан ўтадилар.
Мазкур қоидаларни бузганлик учун фуқаролар 1330 манат (380 $) миқдорида молиявий жаримага тортиладилар ҳамда 2 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга мамлакатдан депортация қилинадилар.
ТИВ шунингдек, жамоат жойларида чекиш ва Туркманистонга нос олиб кириш тақиқланганини эслатиб ўтган.