Шавкат Мирзиёев АҚШга биринчи ташрифини бошламоқда

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида 8,5 млрд долларлик битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 15 май куни расмий ташриф билан АҚШга жўнаб кетди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида 4 миллиард долларлик шартномалар имзоланиши кутилмоқда

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи олдидан Вашингтонда ташкил этилган матбуот марказида президент матбуот котиби журналистлар учун брифинг ўтказди.

Комил Алламжоновга кўра, давлат раҳбарининг самолёти 15 май куни Вашингтондаги Эндрюс аэропортига қўнади. Шавкат Мирзиёевни АҚШ давлат департаменти раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар кутиб олади.

Бу ташрифга ҳар икки томон ҳам катта эътибор билан қарамоқда. АҚШ маъмурияти Ўзбекистон Президенти ташрифини тарихий деб баҳоламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашади. Музокаралар аввал тор, кейин кенг доирада бўлиб ўтади. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ расмий делегацияси вакиллари иштирок этади, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Шавкат Мирзиёев АҚШ генерали Жозеф Вотелни қабул қилди

Ташриф давомида 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши, жумладан, умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилган.

Шу куни кечқурун Ўзбекистон томонидан расмий қабул маросими ўтказилади. Бу ерда АҚШ маъмурияти раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этади.

Президент 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Капитолийда конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти билан ҳам учрашиб, мамлакат иқтисодиётига инвестиция жалб этиш бўйича музокара олиб боради.