ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Анқара Исроил элчисига унинг мамлакатдан чиқиб кетишини истаётганини билдирди, деди РИА Новостига Туркия ТИВ вакили.
Аввалроқ унинг ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилгани ва унга Туркиянинг Тель-Авивдаги элчиси маслаҳатлашувлар учун чақириб олингани айтилгани хабар қилинганди.
Исроил билан мусулмон мамлакатларнинг муносабатлари Ғазо минтақасидаги вазият сабабли ёмонлашмоқда. Низонинг кескинлашишига АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилиши сабаб бўлди.
Исроил аскарлари элчихона кўчирилишига қарши ўтказилаётган норозилик намойиши қатнашчиларига қарата ўқ узмоқда.
Сўнгги маълумотларга қараганда, тўқнашувларда 61 фаластинлик ҳалок бўлган, 2,7 мингдан ортиқ киши яраланган.
Туркия президенти Тойип Эрдўғон Исроилнинг Ғазо минтақасидаги ҳаракатларини геноцид деб атади. У Туркияда уч кунлик мотам эълон қилди ва АҚШ ҳамда Исроилдаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олди.
Бундан ташқари, Анқара Истанбулда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари йиғилишини чақирди. Учрашув жума куни бўлиб ўтади.
Сешанба куни Ғазо минтақасидаги вазиятни БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокама қилади.