ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik.Саудия Арабистони ҳукумати АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишини "фаластинликлар ҳуқуқининг жиддий топталиши" деб атади ва буни тан олмаслигини билдирди, деб хабар бермоқда РИА Новости Саудия янгиликлар агентлигига таяниб.
"Ҳукумат АҚШ элчихонасининг Қуддусга кўчирилишини қироллик тан олмаслигини билдиради ва бу қадам Қуддусдаги фаластинликларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган тарихий ва бузиб бўлмайдиган ҳуқуқларини жиддий топташ эканлигини таъкидлайди", — дейилади хабарда. Саудия ҳукумати Америка маъмуриятининг бу қадамини "бутун дунёдаги мусулмонларни жунбушга келтирадиган, тинчлик жараёнини илгари суриш ишидаги чекиниш" деб баҳолади.
Душанба куни Ғазо минтақасида Исроил ташкил этилганлигининг 70 йиллиги ва юбилей муносабати билан АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилиши фонида норозилик намойиши ўтказилди. Исроил қўшинлари билан тўқнашувда 61 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, деб хабар берди РИА Новостига маҳаллий тиббий хизмат вакили Ашраф ал-Кидра. Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос уч кунлик мотам эълон қилди. Ғазо минтақасидаги вазият бугун БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилинади.